O'z Ўз En Ru Ar
×

Мозийга элтувчи жавоҳиротлар

Юртимиз заргарлик санъати кўп йиллик тарихга, ўзига хос мактаб ва анъаналарга эга. Заргар усталар томонидан ясалган буюмлар улар яшаган давр санъати, маданиятини ўзида намоён этиши, миллий ҳунармандликнинг ўзига хос хусусиятларини акс эттириши билан аҳамиятлидир. Устанинг қалб қўри, юксак бадиий маҳорати билан ишланган турли тақинчоқлар зеб-зийнат вазифасини ўташи билан бирга, инсон саломатлиги, руҳиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Мутахассисларнинг фикрича, тақинчоқлар кишилар ёшидаги фарқни, унинг ижтимоий ҳолатини, насл-насабини белгилашда муҳим ўрин тутган.
Ватанимиз ҳудудларида олиб борилган археологик қазилма ишлари натижасида топилган тақинчоқлар заргарлик санъати тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалишидан гувоҳлик беради. Эрамиздан аввалги минг йилликда асосан одамлар рангли тошларга ишлов бериб, ўртасини тешиб тақиб юрганлар. Шунингдек, бронза, ҳар хил суяк, айниқса, балиқ суяклари, чиғаноқлар, ёввойи ҳайвон тишлари ва парранда суякларидан тақинчоқ сифатида фойдаланилган. Аждодларимиз бу тақинчоқларни гўё турли инс-жинс, табиий хавф-хатарлардан ҳимоя қилади, асрайди, деб ишонганлар. Эркаклар ўзлари ов қилган ёввойи ҳайвонлар тиши ёки ошиғини тақиб юришини қаҳрамонлик белгиси санашган. Бундай тақинчоқларни Ўзбекистон тарихи ва ўлкашунослик музейларида кўплаб учратиш мумкин.
Башарият тарихининг барча даврларида бойлик, дабдаба ва ҳашамдорлик тимсоли бўлиб келган олтин ва тилла тақинчоқлар, аслини олганда, дунёга бизнинг юртимиздан, яъни Ўрта Осиёдан ёйилган. Ўлкамизда 4,5 минг йил бурун олтин қазиб олинган ва қайта ишланган. Бошқача айтганда, заргарлик санъати юксак ривож топган.
Эрамизнинг I-VII асрларигача бўлган даврга оид тақинчоқ ва заргарлик буюмлари Ўзбекистон ҳудудидаги Айритом, Болаликтепа, Холчаён, Далварзинтепа, Қўйқирилган қалъа, Тупроққалъа, Эски Термиз, Чуст, Афросиёб ва бошқа кўплаб қалъа ҳамда шаҳар қолдиқларини қазиш жараёнида топилган. Булар асосан турли олтин, кумуш, қимматбаҳо тошдан ясалган кийим безаклари, зирак, билагузук, камар ва тўғноғичлардан иборат. Болаликтепа, Афросиёб деворларидаги аёллар суратларидаги кийим ва безакларда ҳам заргарлик буюмлари намуналарини яққол кўриш мумкин.
Тарихий манбаларда Х-ХI асрларда Ўрта Осиёлик машҳур заргарлар томонидан тайёрланган буюмлар савдо карвонлари орқали Ғарб ва Шарқ мамлакатларига олиб бориб сотилгани тўғрисида маълумотлар учрайди.
ХIII-XIV асрларгача асл заргарлик буюмларида кўпроқ жониворлар — қушлар, оҳулар, гуллар шаклидаги безаклар тасвирланган бўлса, кейинчалик уларнинг ўрнини араб имлосидаги ранг-баранг композициялар, безаклар эгаллаган. Айни ёзувлар бир томондан нақш вазифасини ўтаган бўлса, иккинчи томондан, катта маъно-мазмун касб этган. Бундай юксалишга айнан Амир Темур ва темурийлар даврида асос солинган.
ХIV-XVII асрларга келиб заргарлик буюмларининг шакли ва нақш безаклари анча мураккаблашганини кузатиш мумкин. Бу даврда заргарлик санъатининг йирик марказлари вужудга келган. Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Шаҳрисабз, Қўқон, Хива, Марғилон, Андижон каби шаҳарларда уста заргарлар билагузук, узук, зирак, маржонжевак каби кундалик тақишга мўлжалланган содда зеб-зийнатлар билан бир қаторда байрам ва тўй-ҳашамларда тақиладиган юксак маҳорат талаб қилинадиган, ўта мураккаб нақшли заргарлик буюмларини ҳам ясашган.
Манбаларда ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Бухорода 400га яқин, Тошкентда 100дан зиёд, Самарқандда 20, Хивадаги 12 заргарлик дўконида зеб-зийнатлар сотилгани айтилади.
Бу вақтда уста заргарлар жамоа бўлиб яшаган, ўзларининг касб-ҳунарга оид маълум анъана, қоида ва русумлари бўлган ва уларга бўйсинганлар. Бозорларда ўз расталари бўлиб, улар “Тоқи заргарон”, “Заргар маҳалла” каби номлар билан ёки ўша ҳудуддаги машҳур устанинг номи билан аталган. Заргар усталар зеб-зийнат буюмларини асосан олтин, кумуш, жез, қалайдан ясашган, уларга ёқут, феруза, сафсар, ақиқ, лаьл, зумрад, яшим, марварид, маржон каби қимматбаҳо тошлар билан безак берилиб, қиймати оширилган. ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ранг-баранг, ялтироқ шишалар, мастика (смоладан тайёрланган), пластмасса каби материаллардан ҳам кенг кўламда фойдаланила бошланган.
Маҳаллий заргарлар ўртасида металлга анъанавий ишлов бериш азалдан кенг тарқалган. Ҳар бир ҳудуд ўзига хос услуби билан ажралиб туради. Лекин қуйма, ўймакорлик, чўкичлаш, кандакорлик, қадама, флигрон (турсимон), қафаси, данодор, босма, тилла суви бериш, эмал бериш, қора кумушда зох бериш каби техник ишлов бериш маҳорати ҳамма учун умумий бўлган.
Заргарлик буюмлари ясашда ўзига хос асбоб-ускуналар ишлатилади. Лойли ўчоқ, чарм, мастика, ганч, аччиқ тош, қалай, найча, заргар сандони, босқон, темир қисқичлар, турли шаклдаги болғалар, металл тахта, паргор (циркуль), кескич қайчилар, чарх, тош ва бронза қолиплар шулар жумласидан.
Санъаткор заргарларнинг бетакрор ишларининг катта қисмини аёллар безаги ташкил этади. Аёлларнинг бош, пешона, чакка, бурун, қулоқ, соч, бўйин, кўкрак, елка, бел, билак ва бармоқларини зеб-зийнат буюмлари безаб турган. Улар одатий кундалик ҳаётда узук, зирак, билагузук, бўйин безаклари, байрам, тўй-ҳашам ва меҳмондорчиликда тиллақош, тақиядўз, зебигардон, нозигардон тақиб юрган.
Заргарлик буюмларини қисман эркаклар либоси ансамблида ҳам учратиш мумкин. Масалан, саллаларга қимматбаҳо тош қадалган, жиғалар қуш парлари билан безатилган, муҳрли узуклар олтин ва кумушдан ясалган, нақшли камар тўғалари, дастаси, қини қиматбаҳо металл, пичоқ, ханжар ва қиличлар тошлар билан безатилган, отларнинг эгар-жабдуқлари эса кумушдан ясалиб, зарҳал билан безатилган.
Юртимизда шаклланган анъанавий заргарлик мактабларининг ўзига хос жиҳатлари мавжуд. Булардан биринчиси — илдизлари темурийлар даврига бориб тақалувчи Сурхондарё ва Қашқадарё йўли. Иккинчиси — Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент йўли. Туркманча, қорақалпоқча ва қозоқча услублардан улгу олган, бироқ кейинчалик мутлақо ўзига хос мактаб сифатида шаклланган учинчи — Хоразм йўли. Бу мактабларнинг ўзига хос, айрича, асло бошқаларга ўхшамайдиган томонлари кўп.
Масалан, хоразмликларга хос сирғаларнинг уст қисми одатда гумбаз шаклида бўлади. Фарғона ва Тошкент мактабида бу шакл бало-қазолардан асровчи унсурлар мўллигида акс этади. Сурхондарё мактабига хос тақинчоқларнинг аксарияти бодом шаклида ишланиб, марказига кўз қўйилади.
Бугунги кунда моҳир ўзбек заргарлари яратган зирак, узук, билакузук, тумор ва бошқа зеб-зийнат буюмлари нафақат Ўзбекистон, балки кўплаб хорижий мамлакатлардаги музейлар, шахсий коллекцияларни безаб турибди. Ўзбекистон музейлари заҳираларида эса ўзбек миллий заргарлик тақинчоқларининг деярли ҳамма турини учратиш мумкин. Уларда давр муҳити, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари, анъаналари ўз инъикосини топган.
Зухра ХОЛИКОВА,
Санъатшунос

CЎНГГИ МАҚОЛАЛАР
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР
O‘ZBEKISTON ISLOM SAN'ATI JAHON SIVILIZATSIYASINING AJRALMAS QISMI

Ўзбекистон ислом санъати жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми

Manzil

Адрес:Тошкент/Олмазор Қорасарой / 47
е-маил: sanat@cisc.uz
Bog'lanish

+998904083399