Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қадимги ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-126-сон Қарори 3.2-банди асосида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази белгиланган тартибга кўра, республика ҳудудидаги музейлар, кутубхоналар ва архив фондларида сақланаётган қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестрини тузиб, доимий мониторингини юритиб бормоқда.
Мазкур қарорнинг 4.4-бандида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг “Қадимий ёзма манбалар давлат реестри тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида” 2022 йил 6 сентябрдаги 498-сон қарори қабул қилинди.
Ушбу низом асосида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази 2024 йилда нашр, таржима ва табдил қилиниши режалаштирилаётган қўлёзма ва тошбосма ҳамда замонавий адабиётларнинг 2023 йилда тасдиқланган рўйхатига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси қадимий ёзма манбалар давлат реестрининг 8-жилдини чоп қилди. Бунда Марказнинг “Қадимий ёзма манбалар давлат реестри” бўлими ходимларидан иборат ижодий гуруҳнинг хизмати катта бўлди. Ижодий гуруҳ аъзолари А.Ғофуров (масъул), Х.Ҳамидов, А.Яхшибоев, В.Муҳиддинов, А.Максудов ушбу жилддаги 1000 та қўлёзма ва босма асарларни тўплашга муваффақ бўлдилар.
Давлат реестрининг 8-жилдига кирган 1000 та қўлёзмадан 500 донаси Самарқанд давлат университети фондидан ва 500 донаси ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондига оид қўлёзмалар киритилган.
8-жилдга киритилган маълумотларнинг хронологик даври ХVI асрдан ХХ аср бошига тўғри келади. Ушбу манбалар кенг доирадаги фанларни ўз ичига қамраб олади. Хусусан, Қуръон, Ҳадис, Ақида, Фиқҳ, Ислом тарихи, Жаҳон тарихи, Адабиёт тарихи, Фалсафа, Ҳуқуқ, Кимё, Тиббиёт, Тилшунослик, Фармакология, География, Мусиқа, Минералогия, Қишлоқ хўжалиги ва бошқалар.
Қадимий ёзма манбалар араб, эски ўзбек, форс, турк ва татар каби мусулмон Шарқ халқларининг тилларида ёзилган. Давлат реестрининг 8-жилдига киритилган асарлар ичида 595/1199 йил кўчирилган Абу Али Аҳмад ибн Муҳаммад Яъқуб ибн Мискавайҳнинг “Тажориб ил-умам”, 900/1495 йил кўчирилган Али ибн Ҳасан Хазрожийнинг “Ал-ақд ул-фожир ул-ҳусни фи табақоти акобир ул-Яман”, 945/1538-1539 йил кўчирилган Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Арабшоҳ Исфароний Исломиддиннинг “Шарҳ алал Кофия фин-наҳв”, 998/1589 йил кўчирилган Бадруддин Кашмирий ибн Абдуссалом Ҳусайн ибн Сайид Иброҳимнинг “Равзат ур-ризвон ва ҳадиқот ул-ғилмон”, 1010/1601 йил кўчирилган Маждуддин ибн Одам Саноийнинг “Ҳадиқат ул-ҳақиқа ва шариъат ут-тариқа”, 1010/1601 йил кўчирилган Абдуллоҳ Қобулийнинг “Тазкират ут-таворих”, 1010/1601 йил кўчирилган Абу Али ибн Синонинг “ал-Қонун фит-тиб”, 1105/1694 йил кўчирилган Искандарбек Муншийнинг “Тарихи оламоройи Аббосий”, 1319/1901 йил кўчирилган Абул Фатҳ Умар ибн Иброҳим Хайём Нишопурийнинг “Рубоиёти Умар Хайём”, 1237/1821-1822 йил кўчирилган Алишер Навоийнинг “Тарих ул-мулуки Ажам”, 1029/1619-1620 йил кўчирилган “Хамсат ул-мутахаййирин”, 1253/1837 йил кўчирилган “Мажолис ун-нафоис” ва “Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват”, 1207/1793 йил кўчирилган Саъдий Шерозийниг “Гулистон” каби нодир асарлар ўрин олган.
Қўлёзма манбалар давлат реестрининг 8-жилди 2024 йил февраль ойида “Ўзбекистон 24” телеканалида “Ислом цивилизацияси маркази: шонли тарихдан буюк келажак сари” номли телекўрсатувда Марказ ходимлари А.Матниязов, Х.Ҳамидов, А.Мақсудов, В.Муҳиддиновлар томонидн халқимиз ва илмий жамоатчиликка тақдимот қилинди.
А.Р.Матниязов,
Нашрлар бўлими етакчи илмий ходими,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори,
катта илмий ходим