Марказий Осиё Мовароуннаҳр шаҳарлари халифалик ғарбига нисбатан мўғуллар босқинидан кўпроқ азоб чекишди, шунинг учун Мовароуннаҳрда иқтисодий ривожланиш даражаси, шаҳарсозлик, ҳунармандчилик ва маданий ҳаёт XIII асрнинг охири — XIV асрнинг бошларида Эрон ёки Араб мамлакатларига қараганда анча паст эди. “Мўғуллар ҳукумронлиги шафқатсиз тажриба бўлиб чиқди, аммо омон қолишга муваффақ бўлган форслар учун ҳар жиҳатдан бутунлай салбий бўлмаган эди” (Morgan D. 2016. P. 53).
Маданий жиҳатдан мўғуллар мусулмон Шарқининг забт этилган илғор тамаддунларини ҳеч қандай ҳунармандчилик ютуқлариёки меъморий ғоялар билан бойита олмадилар. Улар шаҳар маданияти ва ўтроқ цивилизациялардан узоқ эдилар. Ўз ватанида, Мўғулистон даштларида, улар Хитойга боғлиқ эдилар ва қурол учун металл, матолар, кулолчилик ва чинни, шунингдек заргарлик, кумуш ва олтиндан ясалган идишларда эҳтиёжни бошдан кечирар эдилар. Улар Хитой таъсирини, нафис ҳунармандчилик буюмлари ва безак нақшларини ўзлари билан бирга забт этилган ислом заминларига олиб келишди ва шундай қилиб, Хитой мавзулари Эрон амалий санъатида ўзлаштирилди. Булар XIV аср бошларидаги матоларда ва сопол идишларда учрайдиган фениксларнинг тасвирларидир (The Legacy…2002. P. 178. Fig. 208. Сat. No.134; P. 201.Fig. 242. Сat. No.133) XIII аср охири–ХIV аср бошларида сопол кошинлардаги даҳшатли аждарҳолар (The Legacy …2002. P. 65. Fig. 59. Сat. No. 101; P. 97. Fig. 106. Сat. No. 93), Бағдод миниатюраларида Хитой булутлари, 1296 й. (The Legacy…2002. P. 173. Fig. 201. Сat. No. 1) ва Тебриз, 1330 й. (The Legacy…2002. P. 166. Fig. 194. Сat. No. 45).
Эҳтимол, Мовароуннаҳр санъатига Узоқ Шарқ, Хитой анъаналари ва безаклар мавзуларнинг кириб келишининг биринчи тўлқини билвосита ХIV аср охирида Амир Темур томонидан Мовароуннаҳр шаҳарларига Эрон ва Араб мамлакатларидан олиб келинган ҳунармандлар, қурувчилар ва меъморлар орқали содир бўлган. Мовароуннаҳрда Хитой чинни, тош ва ёғоч ўймакорлиги анъаналари кенг тарқалганига келсак, бу жараён Амир Темур вафотидан сўнг, ХV асрнинг биринчи ярмида Шоҳрух ҳукмронлиги даврида — Ҳиротда ва унинг ўғли Улуғбек ҳукмронлиги даврида — Самарқандда, Хитой билан муносабатлар яқин ва дўстона бўлган пайтда рўй берган.
Аждарҳоларнинг тасвирлари Хитойнинг сарой меъморчилигида машҳур эди. Ўрта Осиёда аждарҳоларнинг тасвирларини ХV аср Анов масжидининг пештоқида учратиш мумкин (Сайид Жамол ад-Дин масжиди). Шу билан бирга, қарама-қарши аждарҳоларнинг келиб чиқиши негадир Хитой анъаналари билан боғлиқ эмас, балки маҳаллий халқ афсоналарига тегишли деб ҳисобланилади (Пугаченкова Г. А. 1956; Пугаченкова Г. А. 1959).
Булутларга келсак, улар ХIV–XVIII асрларда Эрон ва Мовароуннаҳр миниатюраларида жуда машҳур бўлди. Бу маънода, Мовароуннаҳр меъморчилиги ва ҳунармандчилигида Темурийлар услубининг келиб чиқиши ва хусусиятлари асосан ислом дунёсининг ғарбий ҳудудлари ва биринчи навбатда Хуросон ва Эрон санъати билан боғлиқ.
XIII аср охири — XIV аср бошларида Мовароуннаҳрнинг меъморчилиги ва ҳунармандчилиги аста-секин, қайта тикланаётган бўлсада, ҳали ёрқин бадиий ютуқларга эга эмас эди. Мўғул хонлари Мовароуннаҳр ҳукумат тизимини қўлга олиш уринишларига қарамай, аслида вилоят ҳукмдорлари Чиғатой хонлари томонидан тайинланган, маҳаллий зодагонлар орасидан бўлган мусулмон ҳокимлари эди. Мовароуннаҳрни Чиғатойлар номидан узоқ вақт бошқарган бу ҳукмдорлардан бири маҳаллий ҳоким Масъудбек бўлиб, унинг буйруғи билан Бухорода сақланмаган Маъсудия мадрасаси қурилган. У 1289 йилда шу жойга дафн этилган (Бартолд В. В. 1963. Б. 261–262; Пугаченкова Г. A., Ремпель Л. И.1965. Б. 246).
Бироқ Бухорода 1000 дан зиёд талаба таҳсил олган маҳобатли мадраса қурилиши XIII асрнинг ўрталарига доир деб таъкидланади (Пуга-ченкова Г. A., Ремпель Л. А. 1965. Б. 246). Бухорода мадрасалар қуриш учун катта маблағлар Чингизхоннинг ўғли Тулунинг тўнғич хотини ва 1251 йилда Улуғ хоқон деб эълон қилинган Мункенинг онаси Сорхахтани-бека томонидан ажратилган. Насронийлардан бўлиб туриб, Сорхахтани-бека (1192–1252 йй.) мусулмонларга ҳам ҳомийлик қилган. XIII–XIV асрларда Эрон ва Олтин Ўрда билан яқинроқ иқтисодий ва маданий алоқаларга эга бўлган Хоразмда иқтисодий ва маданий ҳаётнинг тикланиши Мовароуннаҳрга нисбатан барқарор ва муваффақиятлироқ кечди. XIV асрда Урганчга ташриф буюрган ўрта аср сайёҳлари Ибн Батута ва Ибн Арабшоҳнинг эслатмалари шундан далолат беради. Олтин Ўрда шаҳарлари меъморчилигига XIII–XIV асрлар Хоразм меъморлари, қурувчилари, кандакорлари ва безакли кошинлар усталарнинг маҳорати катта таъсир кўрсатган. Ўрта асрлар Хоразм ҳудудида яратилган XIII асрга оид нодир ёдгорликлардан бири Нажмиддин Кубро мақбараси бўлиб, у икки гумбазли дафн иншоотининг илк намуналаридан бири бўлди.
ЎЗБЕКИСТОН САНЪАТИ ТАРИХИ Акбар Ҳакимов