Архитектура ҳамиша жамият олдида турган маълум диний, эътиқодий ғоялар ва утилитар вазифалар асосида шаклланган. Қадимги ва илк ўрта асрларда диний таълимотлар — зардуштийлик, буддавийлик, маҳаллий эътиқодлар жами Ўрта Осиё дарё оралиғида ислом дини каби мўғулларгача бўлган даврда тезда эга бўла бошлаган даражадаги мафкуравий аҳамиятга эга бўлмаган. Ислом цивилизацияси Мовароуннаҳр шаҳарлари манзарасини тубдан ўзгартирган янги диний меъморчиликнинг асосий турлари — масжид, мадраса ва мақбараларни ҳам вужудга келтирди. Шаҳарсозлик, савдо ва ҳунармандчиликнинг жадал ривожланиши натижаси ўлароқ диний меъморчиликдан ташқари карвонсаройлар, ҳаммомлар, ёпиқ савдо бозорлари — тим, чорсу каби иншоотлар ва бошқаларянги диний бинолар қаторида бунёд этилади. Пишиқ ғиштнинг кенг қўлланила бошланиши биланоқ меъморларнинг мураккаб конструктив элементларни, катта меъморий ҳажмларни яратиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради ва шу билан бирга биноларнинг ташқи ва ички қисмларини безаш учун турли хил қурилиш услублари ва бадиий безак усулларининг пайдо бўлишига олиб келади. Саройлар ва қаср-кўшкла қурилиши исломгача бўлган меъморчилик тамойиллари бўйича асосий параметрлар ва яшаш жойларини сақлаб қолган тарзда давом этди. Пишиқ ғишт каби янги қурилиш материаллари билан бир қаторда анъанавий пахса блоклари ҳам қўлланилади. Лекин ислом ғоялари асосида туғилган янги меъморчиликнинг ривожланиш суръати ўсиши билан Мовароуннаҳр шаҳарларининг таркибий тузилмасига тобора кўпроқ сингиб кета бошлади. Масжидлар ислом мафкураси тарғиботининг бирламчи марказлардан бўлиб ислом эътиқоди ғалабасининг бевосита ва яққол тимсолига айланди. Масжидлар ислом динининг асосий қоидаларини амалга ошириш масканига айланди. Маросимнинг ибодат томони билан бир қаторда масжидда минбар баландлигидан бошлаб маҳаллий аҳолини янги дин бағрига жалб этиш бўйича тарғибот даъватлари катта аҳамиятга эга эди. Ислом фалсафасини чуқурроқ билиш зарурлиги, илм-фаннинг жадал ривожланиши мусулмон меъморчилигининг яна бир тури — диний ва дунёвий фанлар ўқитиладиган мадрасаларнинг шаклланишига туртки бўлди. Шуниси эътиборга лойиқки, ғояси Яқин Шарқда пайдо бўлган ва шундан кейингина Ўрта Осиёда ривожланган масжиддан фарқли ўлароқ, мадраса Мовароуннаҳр ва Хуросон меъморчилигининг намунасидир. Кейинчалик мадрасалар олий диний мактаб сифатида Мовароуннаҳр шаҳарларида меъморчилик амалиётининг етакчи жанрига айлангач, ислом оламининг ғарбий минтақаларида ҳам намуна бўлди. Аммо мўғулларгача бўлган даврда мадраса меъморий жанр сифатида ҳали ўзининг тугал меъморий ечимини топгани йўқ эди.