O'z Ўз En Ru Ar
×

Хива хонлиги даврида эркакларнинг устки кийимлари

Хоразмликларни қизил ва қора рангдаги кийимларни яхши кўриши антик даврлардан бери давом этиб келаётган одатлардан биридир. Буни қадим Хоразм давлатчилиги ёдгорликлари, хусусан Тупроқ-Қалъа саройларининг деворий расмларида акс этган эркак қаҳрамонларнинг кийимларидан тасаввур қилса бўлади. Хива хонлиги даврида ҳам эркакларнинг устки кийимларини қизил рангли майда чизиқли олача мато-лардан тикиш одат бўлиб қолаверган. Ислом дини кириб келганидан кейин табиийки, кийиниш маданиятида маълум даражада ўзгаришлар рўй беради. Бу ўз навбатида аввало эркаклар бош кийимига қаратилган бўлди. Шу туфайли хоразмликларнинг анъанавий бош кийими – “чўгирма”ни шароитга мослаштиришга киришилди. Хусусан “таҳя», “салла”, “чўгирма” каби бош кийимларнинг бичими ва тикиш технологиялари ўзгарди. Уларни тайёрлашда қўй териси юнгларининг узунлигига қараб турли шаклларини тайёрлаш ҳамда “силкма”, “шерози”, “тўгалак чўгирма” каби турларини ишлаб чиқарила бошланди. “Тўгалак чўгирма” – устки қисми одатдагидан қалин қилиб тўқилган матодан ёки чармнинг устига юнгли тери ёпиштирилган. Бундай кўп меҳнат ва вақт талаб қилинадиган технологиялар ёрдамида тайёрланган чўгирмаларни асосан бой ва амалдорлар кийишган. Чўгирманинг ушбу бичимдаги кўриниши Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II даврида урф бўлган. Эркаклар учун оёқ кийимлар турли малакадаги уста-косиблар, этикдўзлар томонидан турли-туман материаллардан, тери, кўндан турли сифатда ва қийматда тайёрланган. “Кавуш-махси”, “чувак”, “чори”, “мукки”,  “папуш”, “сари адик”, “оқ адик” каби пойабзаллар махсус ишлов берилган чармдан тикилган, бу оёқ кийимларнинг кўпларини қўнжлари кашта, тасма, жияклар билан бой қилиб безатилган. Эркаклар кийим гардеробини жуда муҳим аксессуарларидан бири бу камар, белбоғлар бўлган. Улар асосан чармдан ёки матодан тайёрланган – турма ва мадали белбоғ боғлаш хоразмлик эркакларда қадим замонлардан муҳим анъана бўлиб келган.

 

Қўзиева Малика Хонликлар даври ўзбек миллий либоси тарихи

CЎНГГИ МАҚОЛАЛАР
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР
ЎЗБЕКИСТОН ИСЛОМ САНЪАТИ ЖАҲОН ЦИВИЛИЗАЦИЯНИНГ АЖРАЛМАС ҚИСМИ

Ўзбекистон ислом санъати жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми

Манзил

Адрес:Тошкент/Олмазор Қорасарой / 47
е-маил: sanat@cisc.uz
Бoғланиш

+998904083399