Аёллар тақинчоғлари.Самарқанд. Афросиёб. VII–VIII асрлар. Самарқанд Давлат музей-қўриқхонаси
Араблар истилосидан кейин VIII–IX асрларда Ўрта Осиё ҳудудида ислом дини ёйила бошлади. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига ислом дини кириб келиши ва бу ўлка ўша пайтда “Мовароуннаҳр” деб юритилгани тарихий манбаларда қайд қилинган. IX–XII асрларда Мовароуннаҳрда илм-фан ва маданият ислом дини билан боғлиқ равишда юксак тараққий этган. Мовароуннаҳрда фан, маданият, санъат билан бирга, амалий санъат ҳам ривож топиб, кўплаб ҳунармандчилик, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Аждодларимиз жаҳон илм-фани, маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган. Табиий бўёқлар билан бўялган турли хил бўз ва пахта матолар, гиламлар, мис, сопол идишлар катта савдо карвонлари орқали бутун Шарқ бозорларига етказилган. Маҳаллий ҳунармандчилик ривожлани-ши билан бирга, ўзга юрт билан савдо-сотиқ алоқалари ҳам ривож топгани, четдан келтирилган шойи ипак ва бошқа турли газламалар келтирилгани далил бўла олади. Мовароуннаҳрга ислом дини кириб келиб, исломий таълимотлар тарқала бошлагач, исломий билимларни аҳоли орасида ташвиқ этиш ишлари кенг йўлга қўйилган. Шу пайтдан эътиборан ўлкада ислом шариати қонунларига асосланиб, инсоннинг ташқи кўриниши, эстетик ва ахлоқий жиҳатларига эътибор қаратила бошланган. Бу эса Мовароуннаҳр ҳудудида исломий маданият янада юксалишига сабаб бўлган.Ушбу даврлар кийиниш маданияти борасида маъ-лумотлар деярли сақланиб қолмаган, бироқ либослар ҳақида умумий тушунчаларга эга бўлиш мумкин. Ислом мукаммал дин эканлиги боис унда маданият ва одоб-ахлоқнинг юксак тартиб-мезонлари белгилаб қўйилган. Ислом динида кийиниш маданиятининг ўзига хос қоидалари мавжуд бўлган. Ислом шариатида либос инсон танасини кўз-кўз қиладиган даражада тор, терисини кўрсатадиган шаффоф бўлмаслиги қатъий қилиб кўрсатилган. Шунинг учун Мовароуннаҳр ҳудудига ислом дини кириб келганидан кейин либослар шариатдаги ушбу кўрсатмаларга амал қилинган ҳолда кийилган.Тарихий манбаларда эркак ва аёллар либоси кенг би-чимли, кўп қаватдан иборат бўлганлиги қайд қилинган. Шунингдек, бош кийими либоснинг ажралмас қисми ҳисобланиб, ислом динидаги намоз ибодатини, албат-та, бош кийимини кийган ҳолда адо этиш зарурлиги таъкидланган. Кундалик турмушда эркаклар бошига салла ва аёллар рўмолни ўраши шакли ва усули узоқ асрлар давомида муайян даражада ўзгарган бўлса-да, бироқ асоси сақланиб қолган. Мовароуннаҳр ҳудудида пахта кўп етиштирилган ва бу ердаги аҳоли либосларининг асосий қисми пахта матосидан тикилган. Шунингдек, Мовароуннаҳрликлар шойи, ипак, жун, зиғир толаларидан тўқилган матодан тикилган кийимлар кийишган. Ислом динида оқ рангдаги либослар кийиш маъ-қул кўрилгани боис аҳоли орасида оқ, оч рангдаги либослар кийиш тобора ортган. Ислом дини – поклик дини эканлиги учун кийимларни пок тутишга, тозалик ва гигиенага жиддий эътибор берилган. Шунинг учун Мовароуннаҳр аҳолиси ўзининг имконияти ва мақомига мос равишда яхши ва дид билан кийинган, уст-бош кўринишига алоҳида диққат қаратилган. Эркаклар кийимлари, асосан, оқ, кулранг ва жигар-ранг матолардан тикилган. Уларнинг ички ва устки кийимлари этаги томонга кенгайган бичимли, енглари узун ва кафтга томон торайган. Кийимлар, албатта, ички кийим устидан бирин-кетин кийилиб, кўп қават-ликни ташкил қилган ва эркаклар кўпинча елкасига матодан тикилган ёпинчиқ ҳам ташлаб юрган. Бош кийим либоснинг қисми саналган ва турли бичимдаги кулоҳ, қалпоқлар кийилиб, устидан мураккаб тарзда салла ўралган. Бош кийимларнинг бичилиш ва тикилиш технологияси, матосининг сифати асрлар давомида мукаммаллашиб келган. Пойабзаллар бир неча кўринишда бўлиб, улар кундалик ҳаётда кийиш ва таҳорат олиш чоғида қулайлик яратишига мўлжаллаб тикилган этик, кавушлардан иборат бўлган. Эркаклар кўпинча юмшоқ чармдан тикилган этик кийиб юришган. Аёллар либоси оқ, зангори, бинафша ранглардаги матолардан тикилган ва улар кенг ва тўғри бичимли, енглари узун бўлган. Нақшли матодан тикилган либослар кам кийилган. Бундай кўйлаклар бичими ҳам узун бўлган. Аёллар бошига рўмол ўраб, юзини номаҳрамлардан беркитиб юришган. Улар дастлаб, устки кийимнинг бир елка қисми билан юзларини беркитишган бўлса, кейинчалик уст кийимни бошига ташлаб юриш урфга кирган. Аёллар байрам ва айёмларда имкон қадар янги либос кийиб, тақинчоқ, зеб-зийнатлари билан безанишган.
Қўзиева Малика Хонликлар даври ўзбек миллий либоси тарихи