Тоғ эчкиси туширилган тўғноғич. Мил. авв. II минг йиллик. Сополлитепа
Бронза даврида илк шаҳарсозлик цивилизациясининг жадал ривожланиши кузатилиб, унга ўз замонасига мос тарзда ривожланган ва ихтиро этилган қурилиш техникаси, турар-жой ва ибодат манзилларнинг меъморий услуб-шаклларини ишлаб чиқиш, бронза ва кулолчилик ҳунармандчилигининг кенг қўлланиши хосдир. Aйни пайтда Ўзбекистоннинг барча гўшаларида босқичма-босқич бир қатор йирик тарихий-маданий ҳудудлар шаклланди, бир томондан чорвачилик хўжалигини ривожланиши, иккинчи томондан эса суғориладиган деҳқончилик маданияти марказларнинг шаклланиши қайд этилган. Минтақанинг бадиий маданияти ўз ҳудудида яшаган қабилалар ва халқларнинг чўл Шарқ, Сибир, Месопотамия, Эрон, Ҳиндистон ва Хитой каби қўшни мамлакатларнинг маданиятлари билан кенг ўзаро таъсири жараёнида ривожланган. Милоддан аввалги II минг йилликнинг охири — милоддан аввалги I минг йилликнинг биринчи ярмида замонавий Ўзбекистон ҳудудида бир неча йирик тарихий-маданий вилоятлар — Бақтрия, Сўғд, Чоч, Хоразм — мавжуд бўлиб, унда тарқалган тизим ва сиёсий ҳокимият иерархиясига эга бўлган илк давлатчиликнинг ўзан шаклларини кузатиш мумкин. Биринчи йирик шаҳарлар асосан милоддан аввалги I минг йиллик давомида вужудга келиб мукаммал шаклланиб келади. Милоддан аввалги I минг йилликнинг бошланиш асрларига қадар Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида маҳаллий қишлоқ хўжалиги масканлари ташкил топади. Қишлоқ хўжалиги туманларининг ҳар бирида тарқоқ кичик қишлоқлар билан бир қаторда бир неча гектар майдон, мудофаа деворлари билан ўраб олинган ягона режа асосида қурилган шаҳар туридаги муқим истиқомат манзиллари, ички сатҳида кенг кўча ва турар-жой мавзелари, ҳунармандчилик-хўжалик расталари ва ибодат мажмуалари шаклланади. Ўзбекистон амалий санъатининг дастлабки намуналари қишлоқ хўжалиги экинларининг пайдо бўлиш даврига тўғри келади ва уларнинг ишлаб чиқилиши асосан ҳаётий зарурат учун мўлжалланган бадиий
безакли буюмлар яратиш эҳтиёжи билан боғлиқ эди. Ўзбекистон жанубида бронза давридаги қишлоқ хўжалиги маданиятининг кўплаб қадимий ёдгорликлари ўрганилди.
Милоддан аввалги XVII–X асрларга оид Сополлитепа ва Жарқўтон манзилгоҳлари батафсил ўрганилган. Бронзани ўзлаштириш ва кулолчилик чархининг кашф этилиши ҳунармандчилик ишлаб чиқаришини такомиллаштиришга, Ўзбекистон ҳудудида урбанизация жараёнини жадаллаштиришга туртки бўлди. Бу даврдаги аҳоли пунктлари
таркибида шаҳар маданиятининг ўзан асослари — мустаҳкам қалъа, оташгоҳ, ибтидоий бинолардан иборат турар-жой, кўчалар, ҳунармандлар устахоналари жойлашган расталар мавжуд. Ўзбекистон маданиятининг ушбу даври сопол буюмлари, бронза,
тош ва суякдан ишланган маҳсулотлар билан ифодаланади. Кулолчиликнинг икки тури қайд этилган: жанубдаги деҳқончилик хўжалиги қабилаларининг бўялган кулолчилиги ва шимолнинг — чўл чорвачилик қабилаларининг кулранг кулолчилиги. Ҳар бир йўналиш ўзига хос тасвирий ва безак шакллари билан ажралиб турарди. Ўзбекистондаги бронза даврининг бўёқли безак кулолчилигининг энг машҳур ва муҳим марказлардан бири Чуст ва Шўрабошот (Фарғона водийси) ёдгорликларидир. Қўлда ясалган, турли хил сопол идишлар, очиқ-жигаррангдан қора ранггача махсус тайёрланган хилма хил тусдаги ангоб (қизилкесакдан тайёрланган бўёқ) билан қопланган ва устидан сайқалланиб ишлов берилган.
Маълумотлар "Ўзбекистон санъати тарихи китоб - альбом"идан олинди.
Муаллиф: Академик Акбар Ҳакимов