O'z Ўз En Ru Ar
×

Ўзбекистон санъати: ўтмиш ва бугун

Қадимда ҳудуди Окс (Амударё) ва Яксарт (Сирдарё) деб номланган икки азим дарё ўртасида жойлашган Мовароннаҳр бўлган Ўзбеки-стонимиз санъати ХХ асрнинг биринчи ярмигача мустақил тадқиқот

объекти сифатида қадимги Шарқ маданияти ва санъати тарихига оид фундаментал илмий асарлар мундарижасига кирмаган эди. ХХ–XXI аср бошларида олиб борилган кенг кўламли археологик ва тарихий-санъатшунослик тадқиқотлари ушбу минтақанинг қадимги дунё тамаддунлари ривожидаги муҳим ўрни ҳақида гапириш имконини беради.

1920–40 йилларда Шарқ ва Ўрта Осиё санъати тарихига оид умум-лаштирувчи рисолалар нашр этила бошланди (Денике Б. 1923; Веймарн Б. В. 1940). Бироқ минтақа таркибидаги ҳар бир республика санъатлари тарихи бўйича махсус асарлар йўқ эди (Чепелев В. Н.

1935). Ўзбекистоннинг замонавий санъатига тааллуқли китоблар бундан мустасно эди. 1960 йилларда Ўзбекистон санъати тарихига оид китоблар (Пугаченкова Г. А., Ремпель Л. И. 1960; Ремпель Л. И. 1961; Пугаченкова Г. А., Ремпель Л. И. 1965) пайдо бўла бошлади, бу илмий доираларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. 1965 йилда “Ўзбекистон санъат тарихи” (Пугаченкова Г. А., Ремпель Л. И. 1965) фундаментал китоби чоп этилганидан сўнг бутуниттифоқ матбуотида “Ўзбеки-

стон санъати тарихи” атамасининг қўлланиши ҳақида мунозаралар бошланди. Ўшанда санъат тарихшуноси С. Б. Певзнер “Ўзбекистон санъати тарихи” (Пугаченкова Г. А., Ремпель Л. И. 1965) ва “Туркма-нистон санъати” китобининг (Пугаченкова Г. А. 1967) муаллифларини минтақа санъати тарихини фақат замонавий сиёсий-маъмурий чега-ралар доирасида тақдим қилганликда айблади. Г. А. Пугаченкова ва Л. И. Ремпель таърифини нотўғри деб ҳисоблаган москвалик олим Б. Я. Ставиский қадимда ва ўрта асрларда Ўзбекистон деган давлат бўлмагани ва “Ўрта Осиё санъати тарихи” атамасини ишлатиш тўғрироқ бўларди, деб қайд этди. Бунга Л. И. Ремпель ўз илмий қарашларини ҳимоялаб жавоб мақола чоп этади (Ремпель Л. И. 1972). Ўзбекистон олимлари минтақавий ёндашувнинг тўғрилигини инкор этмасдан, республикаларнинг ўз бадиий маданиятлари тарихи ХХ асрда юзага келган давлат тузилмалари доирасида шаклланган деган фикрни қувватладилар (Пугаченкова Г. А., Ремпель Л. И. 1979). Бир қарашда Ўзбекистон ва минтақанинг бир қатор республикалари мустақиллик-ни қўлга киритгач, бу мунозарали илмий баҳсга нуқта қўйилгандек бўлди.

Аммо 1990 йилларнинг ўрталарида Б. Я. Ставиский ўзининг бир неча йиллар муқаддам Марказий Осиё санъатини айнан ҳозирги замон давлат тузилмалари кесимида ёритиш ноўринлигини таъкидловчи ёндашувини такроран қайд этиб чиқди (Ставиский Б. Я. 1997). Г. А. Пугаченкова жавоб мақоласида вужудга келган янги воқелик минтақа-нинг давлат мустақиллигига эришганини ҳисобга олган ҳолда олдин-ги илмий қарашларини янада мустаҳкамлаб берди (Пугаченкова Г. А. 1998). Пировардида Марказий Осиё мамлакатлари мустақилликка эришганлари ва бу ҳудуддаги ҳар бир давлатнинг ўз санъатларининг миллий тарихини яратиш мажбурияти ушбу мунозарани амалий бўлмаган ҳолга келтирди. Бироқ, бу мисол объектив илмий ҳақиқатга эришиш тажрибаси осон эмаслигини кўрсатади.

ХХ аср охирида Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг мустақил субъекти, суверен давлат сифатида жаҳон майдонига чиқди. Бу тарихан фавқу-лодда воқелик Ўзбекистон халқларининг тарихий тараққиётида янги саҳифани очиб берди ва ижтимоий фанлар олдига янги долзарб вазифаларни қўйди. Бадиий меросни ўрганишда унинг Ўзбекистон ҳудудида давлатчилик тамойилларининг шаклланиш жараёни билан ўзаро боғлиқликни ҳам тадқиқ этишнинг янги жиҳатлари муҳимлиги аён бўлди. Марказий Осиё халқлари, жумладан Ўзбекистон санъати тарихига оид нашрларнинг мавзувий қамрови анча кенг. Унинг қади-мий ва ўрта аср даврларига бағишланган фундаментал асарлар, тў-плам ва кўплаб мақолалар ёзилди, ХХ аср тасвирий ва амалий санъат тараққиётидаги муаммолар ҳам эътибордан четда қолмади.

Шу билан бирга Ўзбекистон санъати тарихи совет тадқиқотчилари наздида асосан айрим даврлар, санъат мактаблари ва бадиий услублар-нинг билвосита механик вобасталиги сифатида қаралган. Масалан, Ўзбекистон санъати тарихига оид фундаментал китоблардан бирида санъат тараққиётининг тарихий йўналиши XIX аср охирига келиб тўхтайди (Пугаченкова Г. А., Ремпель Л. И. 1965), XX аср санъати эса, санъат тарихида мустақил босқич дея хулоса қилинган (Искусство... 1976).

Мустақиллик даврида Ўзбекистон санъатининг ривожланиш тарихи концепцияси янгича тавсиф-талқин этилди — энди у ягона уйғун тарихий-бадиий жараён сифатида таснифланди. Муаллиф Ўзбекистон санъати тарихига оид ўзининг умумлаштирувчи асарларида айнан шу концепцияни илмий асослаб илгари суради (Хакимов А. А. 2010; Хакимов А. А. 2018; Xakimov A. 2021). Миллий санъат тарихига нисбатан бундай мукаммал ёндашувда ушбу концепциянинг ўзига хос муҳим қирраси бор, яъни қадимги замон-лардан то бугунги кунгача Ўзбекистон санъати, меъморчилиги ва ҳунармандчилиги илк бор яхлит тарихий-бадиий феномен сифатида тадқиқ-таҳлил қилинмоқда. Умумий санъат ривожланиш ҳаракатида ҳам, ўтмиш ва замонавий рассомларнинг ижодий ютуқ ва излани-шларида ҳам кашф этилган Ўзбекистон санъати тарихий тараққи-ётидаги узвий давомийлик ва бетакрор бадиий тафаккур ушбу концепциянинг бош тамойили бўлиб хизмат қилади. Шу тарзда, бадиий феноменнинг ички уйғунлиги ва анъаналарнинг тарихий давомийли-ги Ўзбекистон миллий санъати тараққиётининг турли босқичларида унинг бетакрор ўзига хослигини асло инкор этмайди. Аксинча, айнан хилма-хилликнинг узвий яхлитлиги замирида Ўзбекистон санъатининг барча ўзига хос жанр ва йўналишлари ривожланди. Ушбу бади-ий-маънавий воқелик тарихий ўзгаришлар билан боғлиқ бўлган янги услублар ва санъат мактабларининг шаклланиш жараёнларини, мав-зулар, сюжетлар ва репертуар мундарижасидаги жадал ўзгаришлар-ни ўзида мужассам қилади, бироқ ички ўзига хос азалий яхлитликни, ҳис-туйғулар ва ғоялар бутлиги ва аёнлигини сақлаб қолади.

Ўзбекистон санъати тарихи даврлаштириш стратиграфиясига эга. Қисқа муддатли даврларни ўз ичига олган йирик тарихий замонлар бор. Ўзбекистон санъати тарихининг хронологик кетма-кетлиги қуйи-дагича:

1) қадимги замон санъати — милодан аввалги IV минг йилликлардан милодий III–IV асрларгача;

2) илк ўрта асрлар санъати — V–VIII асрлар;

3)ислом даври санъати IX–ХХ аср бошлари;

4) Республика СССР таркибида бўлган 1920–1980 йилларда Ўзбеки-стон санъати;

5) Мустақил Ўзбекистон санъати (1991 йилдан ҳозирги кунгача).

Ушбу санаб ўтилганлардан “Қадимги замон санъати (милодан ав-валги IV минг йилликлардан милодий III–IV асрларгача)” ва “Ислом даври санъати” энг катта давомли тарихий босқич, бир неча даврлар-дан иборат. “Илк ўрта асрлар санъати — V–VIII асрлар” мазкур икки глобал босқич оралиғидаги қисқа боғлама ўтиш даври.

“Қадимги замон санъати” бир неча даврларни ўз ичига олади:

а) “Қадимги ва бронза даврларида Ўзбекистон ҳудуди санъати (неолит, бронза даври маданияти — милодий IV–I минг йилликлар)”;

б) Минтақа маданиятининг аҳамонийлар таъсирига тушиш даври санъати — милоддан авввалги VI–IV асрлар;

в) Юнон-эллинлар даври санъати — мил. авв. IV–II асрлар;

г) Кушон даври санъати — мил.авв. I – милодий III аср.

Ислом даври санъати IX–XXаср бошлари билан белгиланади. Бу давр янги безак услубининг шаклланиши ва ривожланиши билан ажра-либ туради. Бу минг йиллик давр учта ривожланиш босқичларини ўз ичига олади:

а) Мўғуллар босқини давригача бўлган санъат — IX–XIII аср бошлари; б) Темурийлар даври санъати — XIV–XVI аср бошлари;

в) Ўзбек хонликлари ва Туркистон ўлкаси санъати XVII аср–XX аср бошлари.

“1920–1980 йилларда Ўзбекистон санъати” нисбатан қисқа тарихий босқични ўз ичига олади. Синфий мафкурага асосланган социалистик реализм услуби унинг асосий мезони ва бадиий-ижодий тамойили эди. Ўзбек халқининг миллий ўзига хослигини ижодий ифодалаш ва тўғри акс эттиришга қаратилган ва 1991 йилдан бошлаб ўттиз йилдан буён давом этиб келаётган мустақиллик даври Ўзбекистон санъати тарихида янги саҳифани бошлаб берди.

Ислом давригача бўлган санъатда қадимги ва илк ўрта аср қаҳрамон-ларнинг ички олами, уларнинг ҳис-туйғуларини ифодалаш муҳим бўлган. Уларнинг қиёфасида қадимги рассомлар ва ҳайкалтарошлар-нинг бадиий тафаккур ва касбий маҳорати туфайли бизгача етиб келган ҳаётий қудратни кўриш мумкин. Ислом санъати таркибида Ўзбекистон санъатининг минг йилдан зиёд давр тарихи мобайнида амалий санъатнинг универсал тили бўлмиш нақш эстетикасининг фалсафаси ва сеҳрини очиб бериш муҳим аҳамиятга эга бўлди. Замо-навий санъатни тадқиқ ва таҳлил этишда аввало тарихий ва сиёсий ўзгаришларни унинг услуби ва ўзига хослигига таъсирини инобатга олиб, шунингдек, санъатнинг ички вазифалари ва рассомларнинг ис-такларини холисона англаш тамойилларига ёндашилди.

Ўзбек санъатининг бадиий тилини чуқурроқ тушуниш учун, китобни бадиий-дизайн лойиҳалашда портрет тасвирлари ёки безак деталларининг алоҳида йириклаштирилган кўриниши билан айрим расмларнинг манзарасини яқинлаштириш ёки икки саҳифага жой-лаштириш усули қўлланилган. Китобда академик ёндашув билан бир қаторда, эркин бадиий ва адабий услуб қўлланганлиги бўлимларнинг сарлавҳаларида ва материалнинг талқинида акс этади. Китоб саҳифа-ларининг чеккасида шарҳлар ва иқтибослар кичикроқ ҳарфларда бе-рилган бўлиб, асосий ва катта матннинг маълумотлари ва таҳлилини тўлдиради. Матн изоҳларининг киритилиши ўқувчига ўтмиш усталари томонидан ҳам, замонавий рассомлар томонидан ҳам ёритилган ғоя ва қўлланилган услубий хусусиятларни етказишга ёрдам беради. Шеърий рамзийлик тарихий таққослаш усули сифатида мавзунинг маънавий маконини қамраб олган ҳиссиётлар дунёсини очади. Ма-даний-фалсафий ёндашув Ўзбекистон санъат тарихи талқинининг эстетик мазмунини мустаҳкамлаш имконини беради. Санъатнинг бу кўриниши одамга ҳиссиёт ва тажрибаларнинг тирик тўқимасини ноорганик артефактларда англаш имконини беради. Освальд Шпенглер ёзганидек: “Мен умумжаҳон тарихида ички тузилмаси чамбарчас боғлиқ шаклларнинг туғилиши ва узлуксиз ривожла-ниши, ҳайратомуз тарзда барпо бўлиши ва узвий янгиланишининг манзарасини кузатаман” (Шпенглер О. 1993. 151 бет). Умид қиламизки, мазкур нашр ўқувчига ўтмиш саҳифаларига чуқур-роқ назар ташлашга ва ўзбек халқининг бадиий меросида жаҳон маданиятини бойитган барҳаёт маънавий қадриятларни англашга ёрдам беради ва уларни қадрлашга ундайди.

Ўзбекистон санъати тарихи АКБАР ҲАКИМОВ

CЎНГГИ МАҚОЛАЛАР
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР
ЎЗБЕКИСТОН ИСЛОМ САНЪАТИ ЖАҲОН ЦИВИЛИЗАЦИЯНИНГ АЖРАЛМАС ҚИСМИ

Ўзбекистон ислом санъати жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми

Манзил

Адрес:Тошкент/Олмазор Қорасарой / 47
е-маил: sanat@cisc.uz
Бoғланиш

+998904083399