O'z Ўз En Ru Ar
×

Марказий Осиёлик уламолар ва мутафаккирларнинг умуммусулмон ва жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссалари

VIII асрнинг охиридан бошлаб Марказий Осиёга Ислом дини таълимоти ва араб тили билан кириб кела бошлаган янги маданият маҳаллий бой маданий анъаналар билан уйғунлашиб, халифаликдаги бошқа халқлар маданияти билан биргаликда “Ислом маданияти” номли воқеликни, илм-фан эса, шу маданиятнинг маҳсули сифатида “мусулмон илмлари” деб аталувчи, фан тарихидаги катта ва муҳим бир қатламни яратди. Тарихчи олимлар томонидан асосли равишда “Исломнинг олтин даври”, “Илк мусулмон ренессанси” деб аталган бу “илмий давр”нинг шаклланиши ва ривожида Марказий Осиё олимларининг хизматлари беқиёсдир. Уларнинг исломий ҳамда аниқ ва табиий фанлар соҳаларидаги фаолияти ва ютуқлари маҳаллий илмий анъана ва мактабларнинг вужудга келишига замин бўлди. Ислом цивилизациясидаги дастлабки маданий юксалишнинг инъикосини IX-XII асрлардаги ҳадисшунослик, тафсир, калом, ҳуқуқ, математика, астрономия, кимё, табобат, доришунослик, география, фалсафа фанларининг ҳолатида ҳам кўриш мумкин.

Марказий Осиё Араб халифалиги таркибига киргандан сўнг IX аср бошларидан минтақада ички низоларга барҳам берилиб, осойишталик ўрнатилди. Бу давр халифа Ҳорун ар-Рашиднинг иккинчи ўғли Абдуллоҳ ибн Ҳорун бошқаруви йилларига тўғри келади. Унинг ўзи аниқ фанларга жуда қизиққанлиги сабабли атроф ўлкалардан, яъни Хуросон, Фарғона, Шош, Хоразмдан иқтидор соҳибларини ўзининг ноиблик маркази - Марвга тўплади. Абдуллоҳ 819 йили Бағдодда ал-Маъмун номи билан халифалик тахтига ўтиргач, Марвда фаолият юритган барча фанлар соҳаларидаги кўплаб олимларни, асосан аниқ фанлар вакилларини Бағдодга олиб кетади. Улар орасида Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Аҳмад Марвазий каби математиклар ва астрономлар бор эди. Улар ўз илмий асарлари билан илмий тадқиқотларини юксак даражада ривожлантирдилар. Ал-Маъмун Бағдодга келганидан сўнг, у ерда аввал Суриядан келган олимлар билан ўзи келтирган мутафаккирларни “Байт ул-ҳикма” – “Донишмандлик уйи”га, яъни “Ал-Маъмун академияси”га бирлаштирди. Бир неча йиллар давомида бу академияга Муҳаммад ал-Хоразмий ва Аҳмад ал-Фарғоний раҳбарлик қилди. Илмий ишлар режали асосда кўп йиллар давом этди. Ал-Маъмун академиясидаги ўрта осиёлик олимларнинг илмий мероси бутун ўрта асрлар аниқ ва табиий фанларнинг йўналишини белгилаб берди.

“Байт ул-ҳикма” - Бағдод академиясида фаолият юритган Марказий Осиё олимларининг илмий анъаналари кейинчалик Хоразмда ХI асрнинг бошида давом эттирилди. Хоразмшоҳ Абу-л-Ҳасан Али ибн Маъмун (997-1009) ҳамда Абу-л-Аббос Маъмун ибн Маъмун (1009-1017) лар даврида Хоразмнинг пойтахти Гурганч шаҳрида ўз даврининг машҳур олимларидан ташкил топган илмий марказ – Мажлис ал-уламо (Олимлар кенгаши) вужудга келди. Унда Абу Наср ибн Ироқий, Абу Саҳл Масиҳий, Абул-Хайр Ҳаммор, Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино, Ибн Мискавайҳ, ас-Саъолибий каби олимлар фаннинг астрономия, математика, кимё, табобат, фалсафа, мантиқ, тилшунослик, тарих ва адабиёт йўналишлари бўйича илмий фаолият олиб бордилар. Бу илмий марказнинг фаолияти 1017 йилда Ғазна ҳукмдори султон Маҳмуд Ғазнавийнинг Хоразмга юриши натижасида тўхтади. Гарчи, Хоразм Маъмун академияси қисқа муддат фаолият кўрсатган бўлса-да, бу ерда Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино каби энциклопедист олимлар томонидан оламшумул илмий янгиликлар яратилди ва кейинги даврлардаги дунё олимларининг аниқ ва табиий фан соҳаларидаги фаолиятига ижобий таъсир кўрсатди.

IX-XII асрларда ислом дунёсида рўй берган ва мусулмон Ренессанси деб аталадиган юксак илмий-маданий тараққиёт XIII асрнинг биринчи чорагида қаттиқ зарбага - мўғул истилосига дучор бўлди. Бу истило ислом дунёсининг Марказий Осиё ҳудудларига мисли кўрилмаган талофат етказди.

Аммо 1360 йилдан бошлаб, Мовароуннаҳрда Амир Темур тарих саҳнасига чиқди. У ўн йил давомида юртни мўғуллар истилосидан озод қилиш учун кураш олиб борди ва 1370 йилда мустақил давлат тузишга эришди. Кейинги йилларда Амир Темур улкан салтанат тузди ва ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди ва қўшни ерлар сиёсий-иқтисодий жиҳатдан юксак даражада ривожланди. Амир Темур вафотидан сўнг унинг анъаналари Темурийлар даврида ҳам давом эттирилиб, илм-фан ва маданият юксак даражада ривожланди ва Темурийлар ренессанси феномени юзага келди. Бу даврда аввалига Самарқанд, кейинчалик Ҳирот ислом дунёсининг энг ривожланган шаҳарларига айланди. Самарқандда Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек аниқ фанларга ихтисослашган илмий марказ яратди, унда ўз даврининг машҳур олимларидан Қозизода Румий, Жамшид Коший ва Али Қушчи дунё аҳамиятига молик илмий фаолият олиб бордилар.

Шундай қилиб, IX-XI ва XIV-XV асрлар Маркази Осиёнинг илмий ва маданий саҳнасида олим ва мутафаккирларнинг ёрқин намояндалари тўпланиши билан нишонланди. Уларнинг асарлари ўрта асрлар Шарқининг бошқа минтақаларидаги олимларнинг илмий мероси билан биргаликда кўплаб фан йўналишлари пойдевори сифатида жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшди. Машҳур юртдошимиз Имом пл-Бухорий жамлаган ишонарли ҳадислар тўплами эса, бутун мусулмон олами томонидан Қуръондан кейин иккинчи табаррук манба деб эътироф этилиб келинмоқда.

IX-XII асрларда мусулмон оламида, жумладан Мовароуннаҳрда рўй берган юксалишнинг сабаби, кўпчилик олимлар ва тадқиқотчиларнинг фикрларига кўра, ислом динининг илм-фан, эзгулик, тинчлик, меҳнат ва бағрикенгликка даъвати билан изоҳланади. Ислом дини минтақамиз ҳудудида ёйила бошлаганига кўп вақт ўтмай буюк аждодларимиз араб тилини ўзлаштириб, унда ўлмас асарлар ярата бошлаганлар ва буюк кашфиётлар қилганлар.

CЎНГГИ МАҚОЛАЛАР
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР
ЎЗБЕКИСТОН ИСЛОМ САНЪАТИ ЖАҲОН ЦИВИЛИЗАЦИЯНИНГ АЖРАЛМАС ҚИСМИ

Ўзбекистон ислом санъати жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми

Манзил

Адрес:Тошкент/Олмазор Қорасарой / 47
е-маил: sanat@cisc.uz
Бoғланиш

+998904083399