O'z Ўз En Ru Ar
×

Торевтика: эллин ғоялари Шарқда тарқалишининг воситачиси

Беҳисутун ёзувларида қадимий Ўзбекистон ҳудудларида меъморчилик, тасвирий ва амалий санъатнинг марказ ва мактаблари шаклланган учта мавжуд йирик давлати — Бақтрия, Сўғдиёна ва Хоразм ҳақида сўз юритилган. Ҳунармандлар орасида заргарлар, темирчилар, фил суяги ўймакорлари, тўқувчилар, ўқ-ёйчилар, кулоллар қайд этилади, лекин энг обрўлиси “олтин ва кумуш, қўрғошин ва қалай, мис, бронза ва темирда ишловчи усталар”нинг касбидир (Тревер К. В. 1940. Б. 14). Улар қимматбаҳо металлар — кумуш ва олтиндан, шунингдек бронза ва мисдан идишлар, жомлар, кўзалар ясаганлар. Қиммат баҳо металлардан ясалган торевтика кўпинча ҳукмдорлар ва зодагонларга сотилади ёхуд туҳфа сифатида инъом этилади. Шу билан бирга мамлакатнинг муайян маданий ва улар ясалган марказининг услубий анъаналари ҳақида маълумотлар беради. Қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, уларнинг барчаси олий табақа — ҳукмдорлар ва амалдорларга мўлжаллаб буюртма асосида бажарилган.Шу боис ҳам торевтика объектларининг тасвир ва сюжетлари юнон, қадимги Эрон ёки ҳинд-буддавийлик маданияти анъаналари билан таниш бўлган зодагонларнинг диди ва хоҳиш-истакларини акс эттирувчи ва ҳар доим ҳам аҳолининг кенг қатламлари томонидан тушунолмайдиган, мавзу ва бадиий услублар билан белгиланган. Қадимги ва ўрта асрларда кумуш ва олтиндан ясалган буюмларнинг мамлакат ва ҳудудлараро тарихий кўчиб юриши ва кезиши, маҳаллий ҳунармандларнинг четдан олиб келинган буюмларга тақлид қилиши, турли минтақалардан келиб чиққан буюмларни безашда универсал хусусиятларнинг шаклланишига, технологик, бадиий техника услублар ўхшашлигига ва мавзуларнинг бир хиллигига ёрдам берди. Камдан-кам экспорт қилинадиган ва аниқ археологик қатламлардан топилган кулолчилик буюмларидан фарқли ўлароқ, шарқий торевтика маҳсулотларини тавсифлашда тадқиқотчилар кўпинча ҳатто муайян битта торевтика буюмни локализация қилиш ва даврийлаштиришда хато ва тушунмовчиликларга йўл қўйганлар. Охир-оқибат, бу минтақа санъати тарихидаги маълум бир давр манзараси тасвирини бузиб кўрсатишга ҳамда маълум бир санъат мактабининг маҳаллий хусусиятларини нотўғри баҳолашга олиб келди. Ана шундай “драма” кумушдан ясалган ва “Бақтрия жомлари” деб номланган буюмлар санасини белгилашда рўй берган. Уларнинг бир қанча намуналарининг тегишлигини мутахассислар қадимги Ўзбекистоннинг жанубий ва марказий ҳудудлари — Кушон Бақтрия ёки  Бақтрия-Тохаристон, шунингдек, Сўғд ва Хоразм билан боғлашмоқда (Смирнов Я. И. 1909; Тревер К. В. 1940; Ставиский Б. Я. 1960; Маршак Б. И. 2017). Тарихий манбаларга кўра, қадимги ва ўрта асрларда яхши маълум бўлган қимматбаҳо металларнинг бой конлари мавжудлиги, жумладан кумуш ва олтинни ишлаб чиқариш соҳаси ривожлангани, юқорида қайд этилган торевтика асарлари қадимги Ўзбекистон ҳудудида ясалгани тўғрисидаги хулосанинг фойдасига гапиради. ХХ асрнинг бошларида Я. И. Смирнов томонидан “Эрмитаж коллекциясидан Шарқ кумушининг Атласи” тадқиқоти нашр этилиши Юнон-Бактрия ва Қушон торевтикасини чуқур ва тизимли ўрганишнинг бошланишига сабаб бўлди (Смирнов Я. И. 1909). Эрмитажда мил. авв. VIII асрдан бошлаб, то милодий ХII асргача ясалган турли хил кумуш ва олтин буюмлар жамланган ва жаҳон музейларидаги шарқ кумушларидан иборат энг йирик коллекциялардан биридир. Сўнгги икки-уч аср мобайнида ҳам йиғиш ишлари, ҳам тасодифий топилмалар ҳисобидан Эрмитаж коллекциясини қимматбаҳо металлардан ясалган кўплаб Шарқ буюмлари ташкил этди. Улар Россия ҳудудига қадимги савдо алоқалари жараёнида келган ҳамда Уралдан Олтой ва Шарқий Сибиргача бўлган турли қишлоқ ва манзилгоҳларда топилган. Шарқ санъатининг машҳур ёдгорликлари, шу жумладан танга ёзувлари ва шоҳларнинг тасвирлари (бу айниқса, сосонийлар ҳукмдорлари тожларига тегишли) буюмлардаги иконографиясини таққослаш асосида, Я. И. Смирнов бу объектларни яратилиши мумкин бўлган асосий тарихий ва маданий минтақаларни ажратиб берди. Булар: Месопотамия, Aҳамонийлар Эрони, Юнон-Бақтрия, Кушон подшоҳлиги, Сосонийлар Эрони, буддавий Ҳиндистон ва Хитой, шунингдек даштли Шарқ торевтика усталарининг анъаналари (скиф “ҳайвон тасвирлари услуби”) алоҳида тилга олинган ҳамда энди мусулмон даври IX–XIII асрларга оид топилмалар ҳам ёритилган.

 

CЎНГГИ МАҚОЛАЛАР
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР
ЎЗБЕКИСТОН ИСЛОМ САНЪАТИ ЖАҲОН ЦИВИЛИЗАЦИЯНИНГ АЖРАЛМАС ҚИСМИ

Ўзбекистон ислом санъати жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми

Манзил

Адрес:Тошкент/Олмазор Қорасарой / 47
е-маил: sanat@cisc.uz
Бoғланиш

+998904083399