ХХ асрда археолог ва санъатшуносларнинг тадқиқотлари туфайли, минтақа санъат тарихининг эллин ва ҳинд-буддавий дунёси доирасига кириши билан боғлиқ энг ёрқин саҳифаларидан бири очилди. Ўзбекистон ҳудудида қадимги давр санъати мил. авв. IV аср охиридан —милодий IV асргача бўлган даврни ўз ичига олади. Бу узоқ тарихий даврдаги санъат ёдгорликлари қадимги Юнон, қадимги Эрон ва ҳинд-буддавий ғоялари ҳамда анъаналари Марказий Осиё маданий маконининг муҳитига кириб бориши ва маҳаллий санъат билан бўлган ўзаро таъсирини кўрсатади. Aлександр Македонскийнинг (кейинги матнларда Искандар Зулқарнайн) (мил. авв. 334–326 йиллар) Ўрта Осиёга босиб келиши Aҳамонийлар давлатининг мавжудлигига (мил.авв. VI–IV асрлар) чек қўйди ва Ўзбекистоннинг қадимий санъат тарихида янги — эллин даврининг бошланишини белгилади. 330 йилда Искандар Зулқарнайн жанубий Бақтрияни эгаллади, лекин 323 йилда унинг вафотидан кейин амалга оширилган буюк империя сатрапликларнинг қайта тақсимланиши сиёсий ҳокимият учун кураш билан кечди. 306 йилда Aлександр Салавка Бақтрияни бошқа мулкларига қўшиб олди. Салавкийлар давлатида ҳукм сурган сиёсат туфайли янги шаҳарлар вужудга келди, уларнинг аҳолиси асосан македонияликлар ва юнонлардан ташкил топди, бу эллин маданиятининг Эрон, Ўрта Осиё ва Ҳиндистон минтақаларига кириб келишида муҳим омил бўлди.Юнон маданияти ва санъати анъаналарининг маҳаллий усталар томонидан мукаммал ўзлаштирилиши ва кенг тарқалиши мил. авв. III аср ўрталарида Салавкийлар салтанати қулаганидан кейин, Ўрта Осиёда Юнон-Бақтрия подшолиги ҳукмдорлари ўрнашиб, Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудлари ушбу давлат таркибига кирганидан сўнг бошланади. Бу ердан эллин Юнон-Бақтрия санъати анъаналарининг таъсири Ўзбекистон жанубидаги воҳалардаги каби кучли бўлмаган қўшни вилоятларга — Сўғд, Чоч, Фарғона, Хоразмга тарқалади. Искандар Зулқарнайннинг истилолари натижасида эллин маданияти шарқдан Ҳиндистон чегараларига қадар етиб борди. Бундан ташқари, бу жараён икки босқичда содир бўлган — биринчи эллин босқичда (мил. авв. IV–I асрларда) юнон санъати ўзининг устуворлигини сақлаб қолган, лекин иккинчи босқичда (милодий I–IV асрлар — Кушон деб номланган), ҳинд-буддавий ҳайкалтарошлиги кушон санъатининг маҳаллий бадиий анъана ва тамойиллари негизида самарали қайта ишлана бошлайди. Г. A. Пугаченкова ва Л. И. Ремпель Ўзбекистон қадимий санъатининг янада батафсилроқ даврийлигини белгилашади: а) қадимги антик — эллин босқичи; б) эрта кушон ёки тоҳарий босқичи; в) кеч антик — ёки кеч кушон босқичи (Пугаченкова Г. A., Ремпель Л. И. 1965. Б. 92). Қадимги антик даврда Юнон-Бақтрия санъатининг алоҳида ўрни бор эди, унинг ёдгорликлари юнон маданияти анъаналари ва Ўрта Осиё, Эрон, Хитой ҳамда Ҳиндистон санъатларининг ноёб симбиозининг ўзига хос катализатор вазифасини бажарди. Юнон-Бақтрия салтанати мавжуд бўлишининг нисбатан қисқа даврига қарамай (мил. авв. 250–135 йй.), айнан шу даврда ғарбий-шарқий анъаналарнинг маданий ўзаро таъсирининг муҳим жараёнлари содир бўлиб, бу Юнон-Бақтрия санъати ҳодисасини келтириб чиқарди ва кейинчалик Ўзбекистон қадимий санъатининг шакл ва услубларини янада ривожланишига туртки берди.
Акбар Ҳакимов ЎЗБЕКИСТОН САНЪАТИ ТАРИХИ