Хоразмнинг шимолий ҳудудларида эркаклар ва аёлларнинг чопонлари бир хил матолардан, бири-бирига яқин бичимларда тайёрланган. Кейинчалик аёллар чопонлари ўрнига, уларга иш шароитида қулайлик туғдирадиган, ўрта узунликдаги, тор бичимли камзуллар кийиш бошланди. Камзуллар асосан қора рангли бахмалдан, астарлари эса гулли ва нақшинкор чит матоларидан тайёрланарди. Кекса аёлларнинг камзуллари ҳам қора рангли бахмалдан бўлса-да, уларнинг астари сокин рангдаги матолардан тикилган. Камзул кийиш одати Хоразм воҳасига Қўқон хонлигидан кириб келган бўлса-да, хоразмлик аёллар камзулларни рангли кашталар билан безаш ҳисобига бу кийимга мутлақо янгича кўриниш ва тус беришга эришишган. Камзуллар кўйлаклар ва нимча устидан кийилган ва тор бичимли енглари ичидан кўйлакнинг узун енглари кўриниб турган. Хива хонлигида доим шариат қоидаларига амал қилинган. Аёллар бирон юмуш билан кўча-кўйга, бозорга чиқишганда бош кийимлари устидан юзларини беркитиш учун паранжи, чачвон, “чашибомд” ёпиб юрганлар. Хоразм аёллари паранжиси бошқа хонликлардаги аёллар паранжиси билан ўхшаш бўлган. Паранжи асосан яшил рангдаги ярим ипак матосидан, астари эса чит, сатин матоларидан тикилган. Паранжи бўйига узун бичимли, сохта енглари орқа бел қисмида махсус жияк билан тикиб қўйилган. Чачвон “чашибомд” пахта толаларидан тайёрланган ип билан от ёлининг толалари қўшиб тўқилган ва ҳаво ўтказувчан бўлган.