O'z Ўз En Ru Ar
×

Темурийлар даврида маданият ва санъат

Темурийлар салтанати буюк Соҳибқирон Амир Темур томонидан асос солинган бўлиб, фан, маданият, ташқи ва ички иқтисодиёт, ҳунармандчилик соҳаларига катта аҳамият қаратилилган ва янада ривожлантирилган. Дин пешволари, олимлар, меъморлар, шоирлар, санъаткор аҳлига алоҳида ғамхўрлик кўрсатиб турилган ва салтанатда барқарорликни таъминлаш олий мақсад билан олиб борилган сиёсатнинг натижасида Шарқ Уйғониш даврига замин яратилди. Амир Темур давлатида ҳунармандчилик юксак даражада ривож топиб, энг муҳим, ҳунармандчилик йўналишлардан бири тўқимачилик бўлган. Салтанатнинг шаҳар, қишлоқ аҳолиси ва умуман бошқа мамлакатлар аҳолиси учун зарур тўқимачилик маҳсулотларига талаб юқори бўлган. Маҳалий ҳунармандлар томонидан пахта, ипак, каноп ва жун толасидан турли сифатли, нафис, дағал, рангли, нақшинкор газламалар кўплаб тўқиб чиқарилган. Давр талабига асосланиб оқ, яшил, зангори, малла, бинафша, ранг ип галаваларидан карбос (бўз), нақшинкор пахта матолар, зар иплар қўшиб тўқилган, майин фута, рангдор ярим ипак олачалар, каноп толасидан тўқилган дағал ва пишиқ матолар тўқилган. Бой ҳунармандчилик анъаналарига эга бўлган Темурийлар салтанати мато тўқимачилик санъати юксак  даражада бўлганлиги Самарқандда уста ҳунармандлар томонидан тўқилган ва технологик жиҳатдан мураккаб ҳисобланган ноёб духоба бахмаллари машҳур бўлиб, бошқа мамлакатлардан ҳам катта талабга эга бўлган.Темурийлар салтанати кийиниш маданияти ҳар бир элемент, матонинг пластикаси, ранг ечими акс эттирилган Камолиддин Беҳзод миниатюра асарлари сюжет ва қаҳрамонларига назар солиб, тасвирланган саройдаги ҳаётда санъаткорлар, ҳизматкорлар, уста ҳунармандларнинг ҳам кийим-бошларининг ҳар бир элементига батафсил аҳамият қаратилиб ишланган. Миниатюра асарларда акс эттирилган сарой ҳаёти саҳналари иштирокчиларнинг либосига эътибор қаратилса, бичими, декоратив ечими билан фарқланиб, ушбу даврда ижтимоий синфлар мавжуд бўлганлиги либосларда намоён бўлган. Албатта, сарой хонимлари либослари башанг, безакларга бой, узун бичимли, ҳизматкорларники аксинча, кийим-боши камтарона, ортиқча зеб-зийнатсиз. Салтанат уста косиблари томонидан тўқилган матолар турли ижтимоий қатлаламларнинг эҳтиёжини инобатга олган ҳолда ҳаридгир тарзда тўқиб етказилган. Ушбу даврда энг арзон ҳисобланган “карбос” матоси асосан меҳнаткаш ва чорвадор аҳолиси ички ва устки кийимларида, шунингдек устки кийимларнинг астарларини тикишда кенг ишлатилган. Каноп толасидан “катон”, зиғир пойадан тўқилган “тарғу” матолари бошқа матоларга нисбатан пишиқлиги билан ажралиб туриб, машҳур бўлган. Улардан “жамоикатоний” деб аталган башанг чопонлар, қимматбаҳо тошлар билан безатилган зарбоф тўнлар тикилган. Маҳаллий уста косиблар томонидан тўқилган майин ипак матолар эркаклар саллалари, фута белбоғлар ва аслзода ёшлар кийимлари тикилган. Маҳаллий ипакдан тўқилган шойи матоси билан бирга, чет мамлакатларидан келтирилган қимматбаҳо, сержило матолар аёллар либосларини тикишда фойдаланилган. Ёзма манбаларга асосан кимхоб, ярим ипак банорас ва бахмаллар билан бир қаторда, сержило товланувчи “хоро”, нафис ва нақшли “дебо” каби шойи матолар номлари келтириб ўтилган. Қирмизи ва зангори рангли духоба ипак матолардан зарбоф, башанг либослар тикилган. Сарой аҳли ва бой-бадавлат, мулкдор табақа вакиллари зардўзи кашталар билан тикиб безатилган устки кийимлар кийганлар. Тарихий шарҳ шуни кўрсатадики, ўзбек халқининг кийиниш маданияти кўп асрлик анъаналарга эга. Бироқ, XVI-XVII асрларга қадар халқимизнинг анъанавий кийимлари аниқ маҳаллий хусусиятларга эга эмас эди. Ўзбекистоннинг турли вилоят, шаҳар ва қишлоқлардаги халқлар анъанавий кийимларининг ўзига хослиги  ўзбек хонликлари даврида ёрқин намоён бўла бошлайди. Ўзбек анъанавий кийимларининг ўзига хос хусуси-ятларини китоб-албомимизнинг асосий бўлимларида кўрсатишга ҳаракат қилдик.

 

Қўзиева Малика Хонликлар даври ўзбек миллий либоси тарихи

CЎНГГИ МАҚОЛАЛАР
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР
ЎЗБЕКИСТОН ИСЛОМ САНЪАТИ ЖАҲОН ЦИВИЛИЗАЦИЯНИНГ АЖРАЛМАС ҚИСМИ

Ўзбекистон ислом санъати жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми

Манзил

Адрес:Тошкент/Олмазор Қорасарой / 47
е-маил: sanat@cisc.uz
Бoғланиш

+998904083399