O'z Ўз En Ru Ar
×

Ислом цивилизацияси сабоқлари

   Ёзув ва китоб инсониятнинг буюк кашфиётларидир. Агар ёзув бўлмаганида, инсоният ўз тарихи тўғрисида маълумот қолдира олмас ва маълумотга эга бўлмасди.

   Марказий Осиё халқлари, жумладан ўзбек халқи ёзув яратиш соҳасининг барча ижодий, тарихий босқичларидан, яъни қоятош суратларидан (петроглифлар) тортиб сўғд ва бақтрия (бохтар) ёзувигача босиқичларидан ўтди. Аммо ўрта асрлардаги асосий илмий меросимиз араб ёзувида амалга оширилди. Ислом динининг тарқалиши, албатта Қуръони Карим ва ҳадислар воситасида, уларни тарғиб қилиш, ўқиш, ўрганиш воситасида амалга оширилди. Араб тилини тез ўзлаштириб олган, ўзлаштирибгина қолмай унинг грамматик меёрларини ишлаб чиққан (Замаҳшарий) буюк аждодларимиз ушбу ёзув ва тилда, Яратганнинг “Ўқи!” деган даъватига жавоб бериб, астрономия, медицина, математика, маъданшунослик, тариқ, мантиқ, тафсир, ҳадисшунослик ва бошқа соҳаларда илмий асарлар ёзишда пешқадамлик қилдилар. Миллатимиз ва юртимиз шаънини абадийлаштирдилар ва шарафладилар. Китоб аждодларнинг келгуси авлодларга васиятидир. Шарқда китоб, бошқа халқлардаги каби, биринчи навбатда билим манбаи бўлган ва муаллифнинг донишмандлигини акс эттирган. Айни пайтда, унда хаттот маҳорати, мавзули рангтасвир, нақш ва муқова санъати хусусиятлари мужассамдир. Санъат ва ҳунармандчилик тушкунликка учраган даврларида ҳам қўлёзма китобларни зийнатлаш давом этган. Китоб яратиш узоқ ва машаққатли жараён бўлиб, қатор ҳунармандлар, мутахассислар иштирокини талаб қилган. Самарқанд қоғоз тайёрлашда азалдан нафақат Мовароуннаҳрнинг, балки шарқнинг маркази ҳисобланган. Марказий Осиёда қоғоз етиштириб берувчи марказ Самарқанд, сўнгра Қўқон бўлган. Бу марказларда қўлёзма китоблар, қозихоналар, девон ва ҳк.лар учун юқори сифатли, Самарқанд, Қўқон қоғозлари етказиб берилган. Бу қоғозларнинг қалин, нафис, шардироқ, ипак, оҳорланган ва оҳорсиз навлари мавжуд бўлган. Саҳҳофлар – муқовасоз усталар буюртмачининг хоҳишига кўра қўлёзма қоғозининг нави, ўлчамини белгилаб, китобнинг тани - жузвини тайёрлаб берганлар.

   Қўлёзмани яратишда хаттотларнинг меҳнати муҳим саналган. Улар қўлёзма безаги, сиёҳи, хат тури каби жиҳатларини эътиборга олган ҳолда асарни шоҳона тарзда кўчирганлар. Китоб мазмунини очиб берадиган кичик ҳажмда ишланган расмлар - китобат санъатиниг энг ажойиб қисми ҳисобланади. Ўрта асрларда Араб халифалигида, Миср, Сурия, Эрон, Ўрта Осиё, Туркияда, Ҳиндистонда бу санъат кенг тарқалган эди. Амир Темур китоб миниатюра санъатини ривожланишига кенг йўл очиб берган. Қўлёзма китобдаги миниатюра-расм Амир Темур даврида тасвирий санъатнинг деворий рассомликдан кейинги иккинчи йўналиши сифатида ривож топди. Улуғбек ҳукмронлиги даврида диққатга сазовор рангтасвирли қўлёзмалар яратилди. Янги рассомлик мактаблари дунёга келди: у бадииётни ривожлантирди, ижодий изланишларга тўла мураккаб йўлни босиб ўтиб, ижодий тажрибаларини ошира борди. Рассомлик мактаблари ўзаро алоқада, таъсирда бўлиб, Ўрта Шарқ миниатюрасининг нодир намуналарини яратишга ҳар бири ўз улушини қўшди. Мирак Наққош, Камолиддин Беҳзод, Хожа Муҳаммад Наққош, Шоҳ Музаффар, Қосим Али ва бошқа истеъдодлар фаолият олиб борди.

   ХVI асрда Шайбонийлар даврида миниатюра санъати Бухоро, Самарқанд ва Шоҳрухияда ривожланган. ХVII асрда Бухоро миниатюра мактаби етакчилик мавқеини сақлаб қолади. Бу даврда унинг услублари хилма-хил бўлиб бошқа замонавий шарқ миниатюра мактабларининг таъсири сезилиб турган. ХVIII-ХIХ асрлар Бухоро, Қўкон, Хива қўлёзмаларини миниатюралар ва китобий нақшлар билан безатганлар. XX-XXI асрларда Ўзбекистон худудида китобат, хаттотлик ва миниатюра санъатининг тадрижий ривожи давом этиб келмоқда.

 

CЎНГГИ МАҚОЛАЛАР
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР
ЎЗБЕКИСТОН ИСЛОМ САНЪАТИ ЖАҲОН ЦИВИЛИЗАЦИЯНИНГ АЖРАЛМАС ҚИСМИ

Ўзбекистон ислом санъати жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми

Манзил

Адрес:Тошкент/Олмазор Қорасарой / 47
е-маил: sanat@cisc.uz
Бoғланиш

+998904083399