O'z Ўз En Ru Ar
×

Араб ота мақбараси

Бу типдаги илк бинолар қаторида Тим қишлоғи (Самарқанд вилояти Нарпай тумани)даги Араб ота — арабларнинг отаси, балки араб саркардаларидан бирининг номига аталган —мақбарадир. Бинода 977/978 санали куфий ёзуви сақланиб қолган. Аработа мақбараси ҳам Сомонийлар мақбарасига ўхшаш тўртбурчак шаклда пишиқ ғиштдан қурилган. Аработа мақбарасининг кубсимон ҳажми гумбаз билан ёпилган, бурчакларига саккиз қиррали устунлар ўрнатилган. Пештоқнинг юқори қисмидаги уч равоқли қаторак-аркада вақт ўтиб вайрон бўлган, лекин дастлаб унинг икки ён томони ва устки қисмини икки ғишт безакли ва ўртада ёзувли яхлит ҳошиялар ёқалаб ўтган. Порталнинг ҳали тўлиқ ўқилмаган ёзувида X аср санаси битилган бўлсада, Аработа мақбараси бош порталнинг мавжудлиги, унинг таркиби, ташқи ва ички деворларида ўйма ганч безаклари, жуфт-жуфт ғишт терилиши ва уч қанотли бағаллар шакли ушбу обидани XI аср бошларидаги кўплаб бинолар билан ўхшашлигини намоён этади. Эҳтимол, ўлчами (ички қисми 4,4х4,4 м.), порталнинг шакллари ва безаклари жиҳатидан анча содда бўлган Карманадаги (Навоий вилояти) Мир Сайид Баҳром мақбараси ҳам Х аср охири–XI аср бошларида қурилган. Бу Ўрта Осиёда “фасад типидаги” маълум бўлган биринчи мақбарадир, яъни тарзлардан бири портал-пештоқ кўринишида ишлаб чиқилган. Унинг кубсимон ҳажми саккиз равоқли пойгумбаз устидаги учли шарсимон гумбаз билан ёпилган. У ганчсувоқ устига ётқизилган ғишт нақшлари, жимжимадор бурчак устунларига эга ва шу жиҳатдан Аработа мақбараси билан боғланган.

 

CЎНГГИ МАҚОЛАЛАР
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР
ЎЗБЕКИСТОН ИСЛОМ САНЪАТИ ЖАҲОН ЦИВИЛИЗАЦИЯНИНГ АЖРАЛМАС ҚИСМИ

Ўзбекистон ислом санъати жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми

Манзил

Адрес:Тошкент/Олмазор Қорасарой / 47
е-маил: sanat@cisc.uz
Бoғланиш

+998904083399