Бухоро эркаклар миллий либосининг асосий кийими ҳисобланган устки кийимлар иқлимнинг ҳароратига қараб астарли, астарсиз, қавилган, бичими жиҳатидан деярли бир хил бўлган. Устки кийимлар башанг, ҳашаматли, сержило, нақшинкор, ёрқин рангли, зардўз кашталар ва бўртма нақшлар билан бой безатилган. Зодагонларнинг устки кийимларига катта маҳорат билан ишлов берилиши, қимматбаҳо матолардан тикилиши, безакларининг кўплиги, ҳар бирига мослаб танланган тугмалар, камарлар, белбоғлар, боғичлар, попуклар, ҳатто қуроллар Бухоро эркаклар кийиниш маданиятини юксак дид, эстетика ва санъат даражасига кўтарилганидан далолатдир. Айниқса, Ўрта асрлардаги тасвирларда Бухоро хонининг беллари ихчам фарадж чопонларининг елкаларидан тортиб орқа, олд тарафларида ва этакларидаги нақшинкор кашталари ўз даврининг кийиниш маданиятидаги дид савиясини кўрсатиб туради. Фараджларни бухоролик энг машҳур косиблар тўқиган нозик шойи ва ипак матолардан маҳорат билан ягона ва бетакрор намуналари яратилган. Бухороликларнинг яна бир устки кийими “каба” бўлган. Бу устки кийим одатда ичкийим ҳисобланган кўйлак ёки яктакнинг устидан кийилган бўлиб, қайсидир маънода узун кўйлак – чопон ролини ўйнаган. Уни белбоғ ёки камарбандга тақилган жуда бой безатилган қилич, ханжар ёки пичоқ ҳамда тангалар солинадиган кашталанган чарм қопчиқ ҳам бўлган. Чопон ва тўн асосан устки мато ва астар орасига пахта қўшиб қавиб тикилган, қавиқлар масофа оралиғи 4–6 смдан иборат бўлган. Тўнлар узунлиги оёқ тиззаси чиғида бўлган.