O'z Ўз En Ru Ar
×

ХИВА ХОНЛИГИНИНГ КИЙИНИШ МАДАНИЯТИ

Хоразм – ер юзидаги энг қадимги давлатлардан бири бўлган. Хоразм ҳақида илк маълумотлар эрамиздан аввалги VIII аср ёзма манбаларида келтирилган. Хоразм маданияти қадим Амударё қирғоқларида эрамиздан II минг йил аввал дунёга келган “Авесто” китоби саҳифа-ларида қайд этилган. Буюк маданиятнинг акс-садоси бугунги кунларгача етиб келганини ҳозирги хоразмликларнинг кийиниш услубида ҳам кўришимиз мумкин. Воҳа ўлканинг шимолида жойлашганлиги сабабли кескин континентал иқлимга эга. Бу иқлим туфайли Хоразм заминида қадим замонлардан бери пахта етиштириб келинган. Хоразмликларнинг кийиниш маданиятига оид маълумотларни неолит давридан бошлаб ўрганиш мумкин. Хоразм кийиниш маданиятининг тарихини археологик қазилмаларда топилган ҳайкалтарошлик, деворий расмлар, тангалар, ёзма манбаларда қолдирилган. Ҳунармандчилик, косибчиликнинг энг қадим турларидан бири – тўқимачилик Хоразм воҳасида кенг ривожланган. Моҳир косибларнинг ўз “дўкон” – тўқимачилик дастгоҳида тўқиган матолар сифати ва рангдорлиги билан бутун Турон ва Эрон бозорларида машҳур эди. Қадим Хоразм шаҳарларидан бири бўлган Тупроқ-Қалъада олиб борилган археологик қазишмаларда археологлар томонидан зиғир, пахта, шойи ва юнг толаларидан тўқилган мато намуналари, шунингдек матоларга гул босувчи қолиплар топилгани юқоридаги фикрларнинг исботидир. Қадим Хоразм ко-сиблари тўқиган зиғир матолар маҳаллий халқларнинг кийинишида катта ўрин тутиши билан бир қаторда карвонлар билан бошқа юртларга ҳам ташиб борилган ва кийиниш маданиятига ижобий таъсир кўрсатган. Хоразмликларнинг кийиниш маданияти қадимий, ўзига хос илдизлари ва бетакрор анъаналарига эга. Уларнинг кийимлари мустаҳкам шаклланган ва даврлар синовларидан ўтган урф-одатлар билан боғлиқ. Эътиборли жиҳати, аҳолининг турли ижтимоий қатламга мансуб бўлишидан қатъий назар, либосларининг бичими фарқланмаган. Фақат кийимдаги матонинг сифати ва безаклари билангина инсоннинг жамиятдаги мақоми, ўрни, оилавий аҳволи кўриниб турган. Хо-разм аҳолисининг кийиниш маданияти ва анъаналари барқарорлиги билан доим ажралиб турган. Либосларга кўрк бериб, бойитиб турувчи безакларни нозик дид билан танланиши, матоларнинг ранг ечими, эркак ва аёллар бош кийимларининг иқлимга мослаштирилгани Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларидаги аҳолидаги кийиниш маданиятидан алоҳида ажралиб турган. Нисбатан шимолий ҳудудда жойлашганлиги туфайли, иқлимни совуқ шароитларига қараб, Хоразмда мўйна, чарм, юнг, тивит, жунга ишлов бериш, юнг мато тўқиш ривожланган. Хоразм миллий либосларида ўзига хос, матога пахта қўшиб майда қавиш, қавиш усули билан кийимни қалинлаштириш технологияси қадимдан кенг қўлланилган. Айниқса Хоразм чопонлари ўзининг юқори сифатлилиги билан ажралиб турган. Чунки уларни ўзига хос усул, технология асосида тикишган. Хоразмнинг сифатли чопонларига бутун Ўрта Осиё мамлакатларида эҳтиёж катта бўлган. Шу сабабли Хоразм чопонлари карвонлар билан қўшни мамлакатларга ҳам олиб борилган.

Қўзиева Малика Хонликлар даври ўзбек миллий либоси тарихи

CЎНГГИ МАҚОЛАЛАР
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР
ЎЗБЕКИСТОН ИСЛОМ САНЪАТИ ЖАҲОН ЦИВИЛИЗАЦИЯНИНГ АЖРАЛМАС ҚИСМИ

Ўзбекистон ислом санъати жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми

Манзил

Адрес:Тошкент/Олмазор Қорасарой / 47
е-маил: sanat@cisc.uz
Бoғланиш

+998904083399