Жаҳон тарихида ўзининг юксак маданияти билан машҳур бўлган халқлар орасида ўзбеклар ва уларнинг узоқ аждодлари алоҳида ўрин эгаллайди. Либос- бу ҳар бир халқнинг умумий маданиятини белгилаб берувчи кўрсаткич бўлиб келган. Чунки, ҳар бир устки кийим, ички кийим, бош кийим, оёқ кийим, пойабзаллар, эркак, аёл ва болаларнинг кийими пайдо бўлишидан олдин авваламбор бу пахта, зиғир, ипак, жун толасига ишлов бериш, йигириш, қавалаш, нафис пишиқ матони тўқиш каби узундан узоқ технологик жараённи қамраб олади. Ундан кейин эса бу матоларга ранг, нақш, гул босиш ва ўз даврининг урф- одатлари, анъаналари, талаблари, қолаверса модаси ва нозик дидли харидор талабларига мос кийимларни андазасини бичиш, тикиш, кашталар билан безатиш, ишлов бериш каби машаққатли меҳнатни ўз ичига қамраб олган. Шу сабаб, ўзбек халқининг қадим аждодлари юксак дид билан кийиниш маданиятига эга бўлиши билан бир қаторда, бу маданиятга асос бўлган саноат учун зарур маҳсулотларни ҳам етиштирган ва қайта ишлаш каби, ўз даврининг илғор технологияларни яратишган.
Ҳозирги кунда дунёнинг ҳар қандай ривожланган давлатида жойлашган нуфузли музейларида албатта ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилган матолар, либослар, аксессуар ва умуман кийиниш маданиятига оид буюмларни учратиш мумкин. Демак қадим даврлардан аждодларимиз яратган матолар ва кийимлар жаҳон бозорларида ниҳоятда харидоргир бўлган, асосан зодагон ва бой амалдорлар унга талабгор бўлишган. Бундай ноёб маданиятни шаклланишида бир қанча муҳим омилларнинг роли катта. Юқорида санаб ўтилган техник кашфиётлар, турли маданиятлар чорраҳасида жойлашиши, турли цивилизацияларнинг пайдо бўлиши- буларнинг ҳаммаси ўзбек миллий либосини мунтазам ўзгариб туриши, такомиллашиши, санъат даражасига кўтарилишига ҳам хизмат қилди. Шу билан бирга, халқнинг турмуш тарзи ривожланиши таъсирида миллий либосда бир қанча ўзгаришларга қарамасдан миллий кийиниш анъаналарига асосланган бичим ва элементлар авлоддан авлодга ўтиб келди.
Ҳар бир халқнинг урф- одати бўлганидек, ўзбек халқининг ҳам кийиниш маданиятида урф- одатлар, ижтимоий муносабатлар, диний эътиқод ва эстетик нормалари акс этган.
Маълумки, ўзбек халқи урф- одатлари, маданияти турли- туман маросимларга бой. Тарихдан маълумки ўзбек миллий либоси ҳар бир маросим ва байрам учун алоҳида либос тиктириб кийилган. Ҳатто оиладаги маиший ҳаётида ҳам кийимнинг, унинг рангининг, безагининг рамзий аҳамияти бўлган. Хурсандчиликда,байрам айёмларда, меҳмонга бориш ва шунга ўхшаш турли тадбирлар учун ёрқин, башанг, сержило матолардан тикилган либос кийилган. Жаноза, хафагарчилик ва мотам тутиш каби ҳолатларда аксинча эътиборни тортмайдиган, одми, оқ, кўк, кулранг каби рангли, безаксиз кийим, бош кийим кийиш маданиятига риоя килинган. Ҳатто исломгача бўлган даврлардан шаклланган бу одатлар асрлар оша етиб келган бу маданиятга қишлок жойларда яшовчи халқимиз ҳозирги кунгача катъий риоя килади.
Ислом динида белгиланган қоидаларга кўра, либослар кўп қаватликни ташкил қилган, кийимларнинг бичими кенг ва узун, енглари эса албатта қўл кафтини беркитиб турган. Кийиниш маданиятига шу қадар катта аҳамият берилганки, либосларнинг бичими, ранги, элемент ва аксессуарлари ушбу либосни кийган инсоннинг мавқеи, ёши, ижтимоий келиб чиқиши ва оилавий ҳолати ҳақида маълумот бериб турган.
Ўрта Осиё – Мовароуннахр минтақасида ислом дини қарор топиб, кийиниш маданияти шариат конунларига мувофиқ, катъий регламентлаштирилсада, бу минтақада яшаб келган турли миллат вакилларининг кийиниш маданияти табиийки бири-биридан жуда катта фарқ қилган. Чунки бир динга эътиқод қилинишига қарамай, турмуш тарзи, иқлим ва яшаш шароитидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир халқ ёки миллат ўзлигини белгилаб турувчи кийим ва бош кийим маданиятини асраб авайлайди. Шу туфайли, Ўзбекистон тарихида ва ҳудудида шаклланган ва ривож топган турли цивилизация, маданият, давлатларда кийиниш маданиятига оид ўзига хос стандартлар ҳам қарор топган. Масалан, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида XVII-XIX асрларда мавжуд бўлган хонликларнинг аҳоли кийиниш маданияти ва кийим санъати намуналарида бичимлар, ранглар, элементлар, аксессуарлар ва безакларида катта фарқлар мавжуд бўлганлигини кўрамиз.
Асосий ўзбек миллий либосларига- кашта нақшлари билан безатилган енглари узун, этагига кенгайган ва кенг бичимли ички куйлаклар енгил ва оч рангдаги матолардан тикилган. Ички кийимлар таркибига кирувчи иштон, лозим ва эзорлар кенг бичимли ва этагига бироз торайган бўлиб, этак чоклари нозик жияклар билан безатилган. Устки кийимлар бичилиши, тикилиш технологияси, мато танланиши ва безатилиши жиҳатидан турли бўлиб, улар мавсумий бўлган. Эркаклар устки кийимлари тўн, чопон, яхтак, чакмон ва аёллар устки кийимлар туркумига кирувчи мунисак, мурсак, калтача, камзол иқлимнинг иссиқ ҳавосига мўлжалланган енгил,ипак шойи, пахта ва ярим ипак матолардан тикилган. Ушбу устки кийимлар аксарият ҳолларда асосан астарсиз тикилган. Совуқ мавсумларга устки кийим астарларига пахта солиб қавиб қалинлаштирилган. Мўйналардан хам кенг фойдаланилган.
Бош кийим ўзбек миллий кийимлари ва кийиниш маданиятида муҳим ўрин тутган. Эркаклар салла ўраб юрганликлари билан бирга, ушбу бош кийимни кийишга катта маъсулиятни талаб қилган ва муносиб бўлишни талаб қилган вазминлик, жиддийлик феъл-атвори, ҳулқига эга бўлишга ҳаракат қилганлар. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи аёлларнинг рўмол ўраш маданияти бир биридан фарқ қилган. Шакли ва ўраш усуллари турли бўлган ипак, пахта, жун толаларидан тўкилган рўмоллар, пешонабанд, турли ранг- баранг матодан тикиб, кашта билан нафис безатилган дўппилар, айрим ҳолларда заргарлик буюмлари билан бойитилган намуналар мавжуд.
Ўзбек халқининг кийиниш маданиятида пойафзал, яъни оёқ кийим маданияти қадим қадимдан алоҳида аҳамиятга ва тадқиқ қилишга оид йўналиш. Пойафзал ва оёк кийимлар ўзининг турли туман шакллари ва кўриниши билан эътиборга молик. Кўпинча нафис кашталар билан безатилган бахмал ёки юмшоқ чармдан ишланган этик ва кавушлар бу соҳанинг юксак технологик ва санъат даражасида бўлиб келганлигини намоён қилади.
Аёллар либоси ансамблини янада кўркамлаштирадиган ва аёл кийиниш маданиятининг таркибий-зарурий қисми ҳисобланган заргарлик буюмлари ўзбек халқининг миллий маданияти ва санъатида муҳим ўрин тутади. Маҳоратли заргарлар ҳунармандлар томонидан яратилган тиллақош, зулф, сочга тақиладиган шокилали жамалаклар, укпар, жиға, қадама безаклар, зулфи-тилло, икки чаккага такиладиган безак ва халқа зираклар, мохи- тилло, нозигардон, зебигардон, тумор, марварид маржонлар, узук ва билак узуклар.
Мақола муаллифи Маликахон Қўзиева