O'z Ўз En Ru Ar
×

Либос инсон хусусияти феъл атворига қанчалик боғлиқ?

1. Либос инсон хусусияти феъл атворига қанчалик боғлиқ?
ЛИБОС - бу инсоннинг кўп ва турли хусусияти, маданияти, тарбияси, диди ва феъл-атворини таьрифлаб берувчи кўзгудир.
2. Қадимда туркий халқларда қандай кийиниш услублари бўлган? Масалан, тўй-ҳашамларда?
Туркий халқларнинг энг қадимги ва илк муҳим бўғинларидан бири -бу оғуз беклари, яъни она сут берган илк фарзанди - ўзбеклар бўлган дейишади. Шунинг учун ҳам туркий халқлар ичида энг катта тарихга эга бўлган туркий халқлардан бири бўлган бугунги турклар Ўзбекистонни ота юртимиз деб аташади. Қаранг, Камолиддин Бехзод каби буюк аждодларимиз чизиб қолдирган бебаҳо миниатюра асарларига бир боқинг: уларнинг ҳар бирида ота боболаримизда нақадар буюк кийиниш маданияти, кийимларда дид ва моданинг юксаклиги бўлганлигини кўрасиз. Ундан ҳам аввалги , Афросиоб (Самарқанд), Варахша (Бухоро), Холчаен (Сурхондаре), Қизяткан қала (Қадим Хорзм~Қорақалпоғистон) каби жуда қадимдан бизгача етиб келган деворий расмларни қарасангиз , ҳатто эрамиздан олдинги даврларда ҳам, бугунги кўплаб халқлар ҳали ер юзида бўлмаган даврларда ҳам бизнинг ватанимиз ҳудудида юксак ва башанг кийиниш маданияти бўлганлигини яққол кўришимиз мумкин. Айнан Ўзбекистоннинг қадим-қадимдан Буюк Ипак йўлида жойлашган ва Ғарб ва Шарққа кийим бош, либос, пойафзал ва бош кийимлар учун барча иқлим ва ўлкалар учун зарур бўлган пахта, ипак, қоракўл, тивит момиқ юнг, ошланган кўн ва тери етиштириб етказиб берганлиги ва бугунги кунларда ҳам Ўзбекистон дунега кийим бош ва либос учун қимматбаҳо табиий материаллларни етиштиручи энг йирик экспортерларидан бўлиб қолаетгани ҳам бежиз эмас.
Демак, ўзбек халқидай жуда қадимдан нозик табиат ва юксак дид билан кийиниш маданиятига эга бўлган халқлар тарихда кам учрайди.
Ва бунинг давоми сифатида турк киночилари томонидан олинаетган тарихий фильмлардаги кийиниш ва либосларнинг рангбаранглиги ва гўзаллигини қаранг, яна бир андижонлик аждодимиз Бобурнинг буюк салтанатидаги юксак даражага кўтарилган либос ва заргарлик маданиятига қаранг!
3. Бош кийимларнинг аҳамияти ва унинг устки кийимга мутаносиблиги ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
Бош кийим ҳамма даврларда, ҳамма халқларда катта ва инсон учун бош маьнога, ҳамда муҳим аҳамиятга эга бўлган. Чунки бош кийимга қараб унинг эгасини статуси, ижтимоий мавқеи, миллати, қайси элат еки уруғга мансублиги, қайси табақадан эканлиги, еши, жинси , оилавий мақомигача бутун бошли ID картаси ролини бажарган. Бежизга ҳукмронлар тож, қаландар ва дарвешлар қалпоқ , маьлум ешига қараб хоразмликлар чўгурмани турли рангдагисини, тошкентлик йигитлар уйланган еки бўйдоқлигига, унаштирилганлигини билдирувчи каштали дўппилар кийишган.
Шунинг учун бош кийим - бу аввало уни кийиб турган эгасини мақоми ва шахсий маьлумотларини кўрсатиб турувчи маьлумотномаси бўлган.
Ҳозирги пайтда дўппини турли миллатларда ҳам учратиш мумкин. Бироқ барибир дўппи жаҳонда ўзбек халқини идентификацион коди сифатида тан олиб бўлинган. Водийнинг икки -уч “ярусли” дўппилари, шахрисабзнинг гиламдўппилари, тошкентнинг бахмалдўппилари, бойсуннинг гумбазсимон рангли каллапўшлари, бухоронинг зардўзи дўппилари ва ҳоказоларга қараб ҳозир ҳам ким қаердан эканлигини билишимиз мумкин.
Шу ўринда машҳур рус езувчиси Константин Паустовскийнинг 1916 йилда ўзи кўрган ва уни даҳшатга солган воқеа, Ватан озодлиги учун курашган минглаб ўзбекларни Москва кўчалари бўйлаб бир неча кун давомида ҳайдаб ўтилгани ҳақида езар экан, уларнинг бошидаги дўпписини асосий белги сифатида кўрсатади :
“Кўчалар бўйлаб соқчилар яшилранг чопондаги минглаб ўзбекларни ҳайдаб ўтишарди. Ўрта Осиедаги қўзғолонлар бостирилгач , ўзбекларни Мурманск сари, ўзбекларни шимолий қутб темир йўлини қуриб ўлиб кетиш сари ҳайдаб кетишарди. Қуруқ қор учқунлари уларнинг кумушранг нақшли қора дўппиларни қопларди. Бу маҳкумларнинг ўтиши бир неча кунлаб давом этди”
4. Либослар тарихини мутахассиси сифатида қадимги қандай либосни айни даврга мослаштиришни, қайтаришни хоҳлайсиз? Сиз қайси услубни яхши кўрасиз?
Ўзи аслида ўзим либос дизайнериман.
Кўпинча тарихий либос ва кийимларни лойиҳалари устида ишлаганим туфайли ва Павел Беньков номидаги рассомлар мактабида узоқ йиллардан буен либосдан дарс бериб келаетганлигим туфайли мен кўп йиллардан бери ўзбек ва жаҳон халқлари либослари тарихи билан шуғулланаман, ўрганаман, ешларга ўргатаиан. Табиийки ўз ижодимда ҳам бу билимларим жуда қўл келади. Парижда, Лондонда, Москвада, Люксембургда, Урумчида , Тошкентда бўлиб ўтган кўплаб халқаро либос танловлари ва фестивалларида диплом ва медаллар билан тақдирланган либосларим айнан тарихий мавзуда ишланганлиги ва уларнинг дизайнида аньанавий ўзбек матоларидан кенг фойдаланишим - бунинг ҳаммаси бу соҳада ҳали катта ижодий имкониятлар борлигини кўрсатади.
Истиқлол даврида ўзликни англаш ва маьлум даражада ўзликка қайтиш жараени бошланди. Шу туфайли миллий ҳунармандчилик , тўқимачилик жудаям ривожланди. Бу албатта миллий либослар ривожига , уларни оммалашишига хизмат қилди. Аммо шу билан бир ўринда бебаҳо миллий материалларимиздан бачканалик билан фойдаланиш, ҳатто аеллар лозимига ишлатиладиган ипак матолардан мутлақо ўринсиз фойдаланиш ҳоллари кўпайди. Бу муаммоларни меерига келтириб ечими фақат билим ва яна бир бор миллий либослар тарихидан курслар ўтишда деб ўйлайман. Албатта , мен ешларимиз XIX аср одамлари кенг фойдаланган либосларни кийишга ўтсин дейишдан кўра, бизга мерос етиб келган, юксак дид намунаси бўлган дид ва дизайндан янги замонавий либослар яратилганида албатта бизга етиб келган бой маданий меросдан унумли ва ўринли фойдаланиш яхши натижа берар эди. Қаранг, кўпинча Ўзбекистонда ўтадиган байрамларда ҳатто хорижий давлатларнинг дипломатлари еки вакиллари бўлган аеллар ҳам бизнинг миллий кийимлар еки миллий матоларимиздан бичилган костюмларда қатнашишади. Бу уларнинг юқори диди ва бизнинг маданиятимизга ҳурмат бажо келтиришганини кўриб, тўғриси хурсанд бўлиб кетаман.
Мен ҳатто , Ватанимизга юқори мартабали хорижий меҳмонлар шарафига саф тортадиган фахрий қоровуллар ҳам Амир Темур Соҳибқироннинг енгилмас қўшинларининг тарихий ҳарбий формаларидан бирида чиқишларини истардим.
5. Бугун аҳамият бераётган бўлсангиз калта пайпоқ ёки усиз ҳам красофка умуман оёқ кийим кийишни урф қилишди, бу қанчалик тўғри? Ғарбга кўр-кўрона тақлидми бу ёки?
Биласизми бундай кўринишлар, ҳатто муҳокамалар ва уларни кун мавзуси қилиб катта муҳокамага олиб чиқилиши- бу аввало нафақат ҳали бу борада билим ва тажрибаси етарли бўлмаган ешлар , балки катта ешлардаги ватандошларимизда ҳам етарли билимларни етарли эмаслигидан далолатдир. Масалан, менинг қизим бу масалада етарли тарбия ва тушунчага эга бўлиб ўсаетганлиги туфайли, бундай тушунмовчиликка чалғимайди ва ўзи мустақил фикрлаш ва бу борада халқимизга , унинг маьнавияти ва маданиятига ет бўлган кийиниш маданиятига кетиб қолиайди. Еки ҳозир қизлар ўртасида еппасига ўраниш жаренини олайлик, мен буни яхши еки емон дейишдан йироқман. Чунки, бу унинг шахсий маданияти еки эьтиқоди билан боғлиқ. Аммо , бир нарсага аминманки , тўла ҳижобга кириш, еки калта юбка еки пайпоқ кийиб қайсидир чет маданиятларга эргашиб кетиш- бу ўз халқининг, аждодларининг тарихий маданиятидан, хусусан юксак дид билан кийиниш ва либос маданиятидан бехабар бўлиб қолаетганлигидан деб тушунаман.
Машҳур хонанда Клара Жалилова Манас Левиев мусиқасига айтган мумтоз қўшиқ едимга келади :
Дўппи тикдим ипаклари тиллодан ,
ипаклари деманг зари тиллодан.
Жило берсам гулларига,
Кўзинг олур, безаклари тиллодан,
Кўзинг олур безаклари тиллодан.
МАЛИКА ҚЎЗИЕВА.
“ХАЛҚ СЎЗИ” газетаси мухбири Юлдуз Ўрмонова олган интервью. Газетада босиб чиқилган

CЎНГГИ МАҚОЛАЛАР
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР
ЎЗБЕКИСТОН ИСЛОМ САНЪАТИ ЖАҲОН ЦИВИЛИЗАЦИЯНИНГ АЖРАЛМАС ҚИСМИ

Ўзбекистон ислом санъати жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми

Манзил

Адрес:Тошкент/Олмазор Қорасарой / 47
е-маил: sanat@cisc.uz
Бoғланиш

+998904083399